ОТМга кириш имтиҳонини компьютер орқали топшириш таклиф этилди

ОТМга кириш имтиҳонини компьютер орқали топшириш таклиф этилди
Бугунги кунда таълим тизимида ёшларнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам таълим соҳасига оид дунёқарашларини кескин ўзгартиришни таъминлайдиган, ўқитувчиларни эса ўз устида ишлашга, фаолиятида инновацион педагогик технологияларни самарали қўллашга даъват этадиган механизм яратиш долзарб масалалардан биридир.

ОАВда мазкур муаммога оид кўплаб таклифлар билдириляпти, саъй-ҳаракатлар қилиняпти. Лекин уларнинг аксарияти тарғибот характерида бўлганлиги туфайли амалий самараси паст. Шу боис биз, услубиятчи педагоглар турли таклифларни баҳс-мунозаралар билан муҳокама қилдик ва билимни баҳолаш жараёнидаги ташқи таъсир — одам факторини йўқотиш учун инновацион ахборот технологияларини жорий этиб, синовларни онлайн тарзида ўтказиш керак, деган хулосага келдик. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) фаолиятига ўзгартиришлар киритиш, биринчи навбатда, синов жараёнидаги қоғозлар (абитуриентларга бериладиган тест топшириқлари китобчаси, жавоб варағи)дан воз кечиш лозим.

Физик-профессор, педагогика фанлари доктори Омилжон Аҳмаджонов ва физика-математика фанлари доктори, профессор Комилжон Турсунметовларнинг таклифиларига кўра, олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари ҳам қуйидагича ташкил этилса, самарали бўлади. Яъни ДТМ ва бошқа мутасадди ташкилотлар 17 та тест ўтказиш зали (жумладан, Тошкентда 3 та, Самарқандда 2 та, бошқа вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида 1 тадан) ташкил этади ва уларнинг ҳар бирини камида 250 тадан компьютер билан жиҳозлайди.

Вилоят ва шаҳар раҳбарлари, халқ таълими бошқармаларининг раҳбарлари ҳамда бошқа ташкилот мутасаддилари тест ўтказиш залига мутлақо киритилмайди, улар битирувчиларни тест ўтказиш залига олиб келиш жадвалини тузадилар ва уни амалга ошириш­ни ташкил этадилар. Залда тартибни сақлаш ва бошқариш ДТМ томонидан ажратилган бир неча мутахассис-назоратчи зиммасига ҳамда назорат камераларига юкланади.

Тест ўтказиш залидаги ҳар бир компьютер қаршисига битта битирувчи жойлашади, унинг компьютерига математика, физика, кимё, биология, география, тарих, инглиз тили, рус тилидан 10 тадан ДТМ банкидан олинган топшириқ махсус дастур ёрдамида вариант кўринишида ажратиб берилади.

Битирувчиларнинг она тили ва адабиёт бўйича билимини баҳолаш усулини ишлаб чиқишни услубиятчи мутахассисларга ҳавола қилайлик. Мутахассислар бу масалада бир тўхтамга келади, деб умид қиламиз. Лекин ўз она тилида фикрини ёзма ва оғзаки баён қила олиши ҳамда мумтоз ва замонавий адабиёт дурдоналаридан бохабарлик даражаси қониқарли баҳоланмаган инсонни шу миллатнинг саводли вакили, деб ҳисоблаш мумкин эмас.

Ўрта таълим масканларида ўқиш жараёни май ойининг охирида якунланади. Сентябргача бўлган уч ой­лик муддатнинг дастлабки эллик иш кунида, яъни биринчи августгача барча битирувчини синовдан ўтказиш мумкин. Ҳар бир топшириқ жавобини тўғри белгилаган битирувчи 1 балл билан тақдирланади, нотўғри жавоб эса -0,25 балл билан жазоланади. Жавобни белгиламаган тақдирда балл берилмайди. Бу усул абитуриентларни топшириқ жавобини таваккалига белгилашдан қайтаради. Топшириқларни бажариш­га ажратилган вақт тугагач, компьютер жавобларни қабул қилишни тўхтатади, барча ахборотни хотирасида сақлаб қолади ва битирувчи бажарган ишнинг натижаларини мониторда кўрсатади.

Йиғилиши мумкин бўлган максимал баллнинг 50 фоизи ёки ундан ортиғини тўплаган битирувчиларга олий ўқув юртида ўқиш учун танловда қатнашиш ҳуқуқи берилади. Барча 17 та тест залида ўтказилган синов натижалари онлайн режимида ДТМ га келиб тушади. Унда ҳар бир битирувчи ҳақидаги шахсий маълумотлар, унга берилган вариант топшириқлари ва абитуриент жавоблари қайд этилган бўлади. ДТМ тумандаги барча битирувчининг синов натижаларини жамлаб, туман халқ таълими бўлимига жўнатади. Тест натижаларини узатиш рақамли шифрланган тарзда амалга ошириладики, уларга ўзгартиришлар киритиш мутлақо мумкин эмас. Натижада халқ таълимининг барча бўғинидаги мутасаддиларга жойлардаги таълим сифати ҳақидаги ҳаққоний ахборот етиб боради.

Абитуриентлар тестда тўплаган баллари асосида танловда қатнашадилар. Бунинг учун абитуриент ДТМ га электрон тарзда ариза йўллаб, ўз истагини билдиради. Абитуриентга 2 та (балки 3 та) мутахассислик бўйича танловда қатнашиш ҳуқуқи берилади, яъни тўплаган баллари билан аризасида қайд этилган биринчи мутахассисликка ўта олмаса, шу аризасида кўрсатилган иккинчи (ёки учинчи) мутахассисликдаги танловда қатнаша олади. Электрон танловда ҳам олий ўқув юртларининг йўналиши эътиборга олинади, албатта.

Баъзи соҳалар (масалан, мусаввирлик, ҳайкалтарошлик, созандалик, хонандалик)да табиий иқтидор етакчилик қилади. Бундай иқтидор соҳибларининг маҳорати янада юксалиши учун аниқ ва табиий фанлар ёхуд тилшуносликка оид чуқур билимлар талаб этилмайди. Бу соҳаларда таълим берадиган муассасалар ижодий имтиҳон қоидаларини ишлаб чиқишлари лозим. Лекин иқтидор соҳиблари мажбурий ўрта таълим фанларидан Давлат таълим стандартларига мос қониқарли билимга эга бўлишлари шарт ва бу фанлар бўйича имтиҳондан ўтишлари керак.

Демак, таклиф этилаётган ислоҳот туфайли ўрта таълим даргоҳларидаги битириш ва августдаги олий ўқув юртларига кириш синовлари oнлайн тарзида ўтказиладиган битта синовга алмаштирилади. Натижада ўрта таълим даргоҳлари битирувчилари ёзнинг иссиқ кунларида олий ўқув юрти жойлашган шаҳарда ҳафталаб вақт ўтказишдан холос бўладилар. Улар ўзларининг вилоятидаги тест ўтказиш залига халқ таълими мутасаддилари раҳбарлигида бир кунга бориб, мажбурий таълим фанлари бўйича билимларини синовдан ўтказиб келадилар. ДТМ ўтказган электрон танлов туфайли талабалик бахтига муяссар бўлган ёшлар августнинг учинчи ўн кунлигида ҳужжатларини расмийлаштириш учун олий ўқув масканига боради. Бу ҳолда олий ўқув юртларида бир неча ой давомида фаолият кўрсатадиган қабул комиссияларига эҳтиёж қолмайди, натижада ортиқча сарф-харажатлар камаяди.

Мазкур ислоҳотнинг жорий этилиши таълим сифатини кескин яхшилайди, битирувчилар билими ҳаққоний баҳоланишини таъминлайди. Бундан воқиф бўлган ёшлар олий ўқув юртларига кириш учун асосли ва ҳақиқий билим зарур экан­лигини англаб етадилар. Ота-оналар фарзандларини астойдил билим олишга ундайдиган чора-тадбирлар кўрадилар, жумладан, ўқитувчиларнинг педагогик маҳорати билан қизиқа бошлайдилар, ўқитувчилар эса талабга жавоб бера олиш учун савия ва малакаларини оширишга интиладилар.

Компьютерлар билан жиҳозланиб, ДТМ га электрон тарзда уланган тест залларида июнь-июль ойларида битирувчилар синовдан ўтказилади. Йилнинг бошқа вақтларида тест залларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин.

Ўхшаш янгиликлар

  1. Самижон 11 апрел 2019 15:42
    инновацион ахборот технологиялари нималигини агар мактабдаги ўқитувчиларингиз тушунтириб бермаган бўлса, профессорлар эмас, ўзингиз қизиқиб, интернетдан , чуқурроқ тушуниб олишингиз керак. Агар одамлар халол бўлишганида эди, инновацион ахборот технологиялари ёрдамида уларга қарши курашиш хам шарт бўлмаган бўлар эди.
  2. Savol 8 апрел 2019 16:40
    инновацион ахборот технологиялари degani nima ekan iltimos shu professorlar chuqurroq tushuntirishsin.
Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » ОТМга кириш имтиҳонини компьютер орқали топшириш таклиф этилди