Кеча, 19 январь куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Президент тақдимот билан танишув жараёнида мазкур соҳани танқид қилди. Таъкидланишича, бугунги кунда Тошкентда 350 та автобуснинг фойдаланиш муддати 10 йилдан ошган, 393 та автобус етишмайди. Шунингдек, автобуслар орасидаги интервал тиғиз пайтда 30 дақиқагача етмоқда. Шунинг натижасида аҳоли жамоат транспортидан норози бўлиб, шахсий машиналаридан фойдаланишга ўтиб кетмоқда.
Маълум қилинишича, бугунги кунда пойтахтда шахсий машиналардан фойдаланувчи аҳоли 79 фоизни, жамоат транспортидан фойдаланувчи аҳоли эса 21 фоизни ташкил қилмоқда.
Президент мазкур соҳани ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларни дастлаб жамоат билан муҳокама қилиб олишни ва сўнгра уни тадбиқ этиш бўйича топшириқ берди.