Рашидова унинг сўзлари контекстдан юлиниб, айримлар томонидан ўзига керакли сарлавҳада тарқатилганини маълум қилган.
Гўёки мен Саида Мирзиёеванинг «Сабрия» сериали ҳақидаги фикрига қарши чиқиб кечаги постни ёзган, деб талқин қилишди! Лекин бу ундай эмас!, – дейди Рашидова.
Телеканал раҳбари ижтимоий тармоқларга киргандан сўнг бу ҳақида билганини ва уни Саида Мирзиёева билан бахслашган инсон сифатида талқин қилиб, йўқ жойдан атрофида муаммо туғдиришаётганини таъкидлади. Амира у пост ёзгандан сўнггина Саида Мирзиёеванинг фикрини ўқиганини ва 2 кун олдин кечаси АОКА расмий баёнот билан чиққанини ёзган.
Эртаси куни «Севимли»га келиб, кун давомида баённома тузиш, юристлар билан гаплашиш, сериални бадиий кенгашда таҳлил қилиш билан вақт ўтказиб, умумий вазият юзасидан ўз фикримни билдиришим керак деб, пост ёздим, – дейди канал раҳбари.
Амира Рашидова Саида Мирзиёеванинг фикрига қарши эмаслигини ва у айтиб ўтган камчиликлар борлигини, буни тан олишини таъкидлаган.
Саида опанинг аёллар манфаатларини ҳимоя қилиши, уларга бераётган ёрдамини кузатаман ва ҳурмат қиламан. Англашмовчилик учун хижолатдаман ва узр сўрайман. Шу сабабдан журналист ва блоггерлардан илтимос қиламан: тухмат, одамларни бир бирига асоссиз қарши қўйишни бас қилинг, – деб ёзади Севимли ТВ раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, телеканалда эфирга узатилаётган “Сабрия” сериали ва ундан тарқалган лавҳа жамоатчилик эътирозига сабаб бўзлган эди. Шундан сўнг Саида Мирзиёева ушбу фильмни танқид қилиб, унинг савияси пастлигини билдирган эди. Кейинчалик Севимли ТВ раҳбари фильм тарафини олиб, унинг режиссёрини қўллаб-қувватлаш кераклигини ёзган эди.