Мамлакатимизда озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш, ер майдонларидан унумли ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида иссиқхоначиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратила бошланди.
Айниқса, аҳоли томорқаларида енгил конструкцияли кичик ҳажмдаги иссиқхоналарнинг кенг миқёсда қурилиши, нафақат мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда, балки аҳолининг қўшимча даромад олиши ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳақиқатдан ҳам бу соҳага берилган эътибор, ички бозорни мева ҳамда савзабот маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кўтаришда муҳим омил эканлиги қисқа муддатда ўз исботини топди.
Ото-боболаримиз томорқа, мол, қўй, парранда парваришлашни кенг тарғиб қилиб, бежизга бу омилларни "Етти хазина" сирасига киритмаган. Маълумки, томорқа нафақат оила аъзоларининг эҳтиёжларини қондириш, балки қўшимча даромад манбаи ҳамдир.
Томорқасидан самарали фойдаланиб келаётган оиланинг дастурхони доимо тўкин, турмуши фаровон бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов Нукус туманидаги "Тақиркўл" маҳалла фуқаролар йиғинида томорқачилик билан шуғулланадиган хонадонларга ташриф буюрди.
Партия етакчиси Актам Хаитов мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Жонибек Сабирбаевнинг томорқаси билан яқиндан танишди. Хонадон эгасининг таъкидлашича, томорқачилик билан шуғулланиб келаётганига унча кўп бўлмаган. Иссиқхонани қуриш учун "Агробанк" туман филиалидан 15 миллион сўм имтиёзли кредит олиб бошлаган.
Хонадон соҳиби томорқадан ҳар йили 50-60 миллион сўм даромад олаяпти. Бундан ташқари ўз соҳаси бўйича Нукус шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказида тингловчилар учун томорқачиликдан сабоқ бериб келяпти. Томорқачи Жонибекнинг режалари ҳали бисёр. Фаолиятини янада кенгайтиришни ният қилган.
Спикер ўринбосари хонадон эгасининг томорқаси билан яқиндан танишар экан, камчиқимсиз уй шароитида плёнкада маҳсулотлар етиштириш, мазкур хонадонда Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан биргаликда кўргазмали семинарлар ташкил этиш бўйича қатор таклифларни билдириб ўтди.
Спикер ўринбосари ташрифи давомида Беруний туманида жойлашган кўчатчилик маркази хизмати фоалияти ва ундаги иш ўринлари билан танишди. Семинар давомида кўчат парвариши ва уни экиш, туманларга олий навдаги кўчатлар етказиш, ерга ишлов бериш, туманда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Партия етакчиси тумандаги «Орзу томорқа хизмати» МЧЖ да бўлди. Томорқа хизматидаги шароитлар, иш жараёни ва амалга оширилган ишлар кўздан кечирилиб, томорқа хизмати фоалиятини янада ривожлантириш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши матбуот хизмати