Бугун, 26 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда давлат раҳбари йўлларда содир бўлаётган ЙТҲлар ҳақида гапирди. Президент мутасаддиларга ҳар ой ҳар кўча ва ҳар маҳаллада нега ЙТҲ бўлаётгани сабаблари ҳақида ҳисобот бериш бўйича топшириқ берди. Йўлларда хавфсиз ҳаракатланишга шароит яратиш, авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, бунинг учун ҳаракатларни бошқаришни тўлиқ рақамлаштириши зарурлиги таъкидланди.
Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди, деди президент. - Шунинг учун, авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда. Биз ўқиганимизда 3 йил ҳайдовчиликка ўқитган. Ҳозир дарсга бормай, пул бериб гувоҳнома оляпти. Нимага? Ўзбекистонда қонун йўқми?
Шавкат Мирзиёев бу муаммони бартараф қилиш учун аввало ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш “жинояти”га қарши жазони кучайтириш бўйича бир ой муддатда қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф киритиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.