Давра суҳбатини Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов кириш сўзи билан очди. Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов Туркия делегациясига мазкур ташриф учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат олий ўқув юртлари учун ҳамкорликнинг янги даври бошланаётганини таъкидлади.
Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар: "- Ота маконимиздаги ўзгаришлар бизни қувонтирмоқда. Ўйлайманки, биз ҳам бунда елкадош бўлиб, ҳамкорликда иш олиб боришимиз керак. Жамиятдаги асосий масалалар университетларга бориб тақалади. Бу кўплаб жабҳаларда намоён бўлади. Уларнинг биринчиси инсон ресурсларидир. Бу олий таълим муассасаларига катта масъулият юклайди.
Самарқанд давлат университети алоҳида эътиборга молик. Университет Туркиянинг етакчи Истанбул, Анқара, Эгей, Мармара университетлари билан алоқаларни йўлга қўйиб келмоқда. Самарқанд давлат университетининг ниҳоятда салоҳиятли ва нуфузли эканлиги гувоҳи бўлдим. Университет ректори, жаноб Рустам Холмуродов билан суҳбатлашдик. Талабалар ва ўқитувчилар тажриба алмашинувини янада яхши йўлга қўйишни келишиб олдик. Ишонаманки, Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланади”.
Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро суҳбатларда икки тарафлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этиш, биргаликда турли соҳалар бўйича илмий изланишлар олиб бориш юзасидан келишиб олдилар.
“ – Қадимий Самарқанд шаҳрига яна бир бор келганимдан хурсандман. Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик алоқаларимиз мавжудлиги сабабли мен ушбу шаҳарда аввал ҳам бўлганман, - дейди Истанбул университети ректори, профессор Маҳмуд АК. - Самарқанд ва Истанбул университетлари ҳамкорлиги Мирзо Улуғбек ва Али Қушчилар даврига бориб тақалади. Сентябрь ойида Самарқанд давлат университети куни муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарида иштирок этгандим. Икки университетнинг бундай яқин муносабатларни ўрнатишида ташаббус кўрсатаётган Самарқанд давлат университети ректори, муҳтарам Рустам Холмуродовга ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу галги ташрифимиздан мақсад бирдамлигимизни янада кенгайтиришдир. Шунингдек, Туркия олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар бошчилигидаги катта ҳайъат билан келдик. Ўзбекистонда ўзбек-турк университети ташкил қилиниш арафасида. Бу муассаса ташкил қилингач ўзбек ва турк университетлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланади. Биз Ўзбекистонни ва Самарқандни жуда яхши кўрамиз!”
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.