Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қурилаётган арзон уй-жойлар бўйича эътирозлар акс этган видеолавҳалар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимияти муносабат билдирди.
Ҳокимиятнинг таъкидлашича ушбу эътирозларнинг асосий қисми Сергели туманида қурилаётган уй-жойларнинг нархи ошгани билан боғлиқ. Тошкент шаҳар ҳокимияти вазиятни ўз назоратига олган. Аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, қонун доирасида ушбу ҳолатни ижобий ҳал этиш мақсадида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, масала чуқур ўрганилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибига Тошкент шаҳар ҳокимияти, Олий Мажлиснинг Инсон хуқуқлари бўйича вакили (омбудсмен), Қурилиш вазирлиги, банклар ҳамда “Ўзшахар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси ва бошқа тегишли ташкилотлардан мансабдор шахслар киритилган. Аҳоли вакиллари билан учрашиб, эътирозларини ўрганиш, фуқаролар хуқуқларини таъминлаган ҳолда вазиятни ижобий ҳал этиш ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.