Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида Хитойда яшаётган ва эркинлиги турмуш ўртоғи томонидан чекланаётганини эълон қилган Ўзбекистон фуқароси Шодиёна Давлатова тўғрисида маълумот берди. Хабарда айтилишича мазкур вазият мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонаси консуллик бўлими томонидан назоратга олинган.
Ушбу ҳамюртимиз ўтган йили апрел ойида Андижон шаҳрида Хитой фуқароси билан қонуний никоҳдан ўтган ҳамда доимий яшаш учун ХХРга учиб кетган. Тез орада ички оилавий низолар туфайли Элчихона кўмагида ватанга қайтган. Лекин кейинроқ ўз хоҳишига кўра яна турмуш ўртоғининг ёнига жўнаб кетган. 31-март куни Ш.Давлатова Элчихонага қайта мурожаат қилган ва яшаш шароитлари ва турмуш ўртоғи томонидан зулм қилинаётгани тўғрисида шикоят қилган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш истагини маълум қилган.
Оилавий келишмовчиликлар ва турмуш ўртоғи томонидан берилган ваъдаларнинг бажарилмаслиги туфайли шундай илтимос билан Ўзбекистон фуқароси М.Т. ҳам Элчихонага мурожаат қилган. М.Т. воситачи фирма орқали хорижлик билан танишган ва ўтган йилнинг декабр ойида никоҳни расмийлаштириб Хитойга кетган.
Шу муносабат билан Элчихона Хитойнинг тегишли ҳукумат органлари билан биргаликда мазкур ҳамюртларимизни Тошкентга қайтишига ёрдам бериш бўйича тегишли чораларни кўрмоқда.
Яна қўшимча қилинишича, Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги Элчихонаси маълумотларига кўра айни пайтда Хитой Халқ Республикасида худди шундай ҳолатга тушган ўнлаб фуқароларимиз мавжуд. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси томонидан уларнинг шахсини аниқлаш ва консуллик ёрдами кўрсатиш бўйича тегишли ишлар ташкиллаштирилган.