Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов суд қарорига кўра жазоланди. Бу ҳақда Тошкент суди матбуот хизмати хабар қилди.
Жинноий ишлар бўйича Чилонзор тумани суди 21 февраль куни Абдуҳолиқовга нисбатан маъмурий иш юзасидан қарор қабул қилди. Агентлик раҳбари давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбланган.
Суд қарорига кўра Абдуҳолиқов айбдор деб топилган ва БҲМнинг 30 баравари (8,1 млн сўм) миқдорида жаримага тортилган. Эслатиб ўтамиз, Абдуҳолиқов турмуш ўртоғи, қизи ва ўғли эгалик қиладиган Sevimli TV канали учун берилган бир нечта давлат буюртмалари юзасидан манфаатлар тўқнашувини содир этганликда гумонланган эди.