Олим бўлиш осон... ижтимоий тармоқлардаги “Ўзбек илм-фани жар ёқасига яқинлашмоқда” номли мақолага Фанлар академиясининг РАСМИЙ МУНОСАБАТИ

Олим бўлиш осон... ижтимоий тармоқлардаги “Ўзбек илм-фани жар ёқасига яқинлашмоқда” номли мақолага Фанлар академиясининг РАСМИЙ МУНОСАБАТИ
Тиббиёт академияси профессорининг ижтимоий тармоқларда илмий жамоатчиликка мурожаат билан чиқишини сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг натижаси, деб қараш мумкин. Илгари бундай чиқишлар қилишни хаёлга ҳам келтириб бўлмаслигини мурожаат муаллифининг ўзи ҳам яхши билса керак.

Мақола муаллифи, “куйинчаклик” билан етарли даражада асосланмаган шахсий хулосасини ижтимоий тармоққа чиқиб, жар солиши, назаримизда, илмий этикага тўғри келмайди.

“Келинг ҳақиқатга тик қарайлик! Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда”, деб ёзади муаллиф. Бироқ, мазкур фикрни асословчи бирор факт келтирмайди. Агар реал фактларга, мавжуд статистика ва рақамларга суянадиган бўлсак, сўнгги беш йилда Ўзбекистон илм-фани янги поғонага кўтарилаётгани, аниқ ва ижтимоий-гуманитар фан кесимларида олимларимиз, айниқса, ёшлар катта мувафаққиятларга эришаётганининг гувоҳи бўламиз.

“Илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олди” деб ёзади, олим. Агар муаллифнинг фикри асосли бўлса, ўз иддаосига аниқ далиллар келтириши лозим ва бу фактлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Кейинги жумлада: “Илм қила оладиган ходим ҳам, қила олмайдигани ҳам диссертация ёқлашга ундалмоқда”, дейилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳеч кимни илм қилишга мажбуран ундашга ҳожат йўқ. Тўғри, бундан олти-етти йил муқаддам илмий ташкилотларда олимлар олаётган маош арзимас бўлганлиги сабабли илмга ёшларнинг кириб келиши, илмни давом эттириши катта бир муаммога айланган эди. Бироқ, сўнгги йилларда шароит тамомила ўзгарди. Илмга кўплаб ёшлар ўз ихтиёри билан кириб келмоқда. Бугун илмий даражага эга бўлган олимларнинг маошига 30-60 фоизлик устамалар тўланаётганлиги боис кимгадир “илмий иш ёқлайсан”, дейишга ҳожат қолмади. Аксинча, имкониятдан фойдаланган ҳолда, илмий ташкилотларда илмий даражага эга бўлиш суратлари ўсмоқда, бу ҳам табиий жараён.

Мақолада “Мана 30 йилдирки, ҳеч ким кафедралар моддий-техник базасини яхшилаш ҳақида қайғурмайди ёки ёлғондан қайғуради. Демоқчиман-ки, 30 йилдан буён бизга ваъдалар берилади, бироқ кафедра ва илмий лабораториялар анжомлари эскиргандан эскириб бораяпти”, деб ёзилади.

Агар муаллиф сўнгги йилларда илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилаётгани, яратилаётган шарт-шароитлар билан яхшироқ танишиб чиқишга ҳаракат қилганда эди, бу мурожаатни ёзмаган бўлар эди.

Биргина Фанлар академиясига сўнгги 3 йилда давлат бюджетидан деярли 800 млрд сўм ажратилган. Олимларнинг маоши эса қарийб 2 ярим баробарга оширилган. Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг ойлик маошлари тўлиқ бюджетдан молиялаштиришга ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарорига мувофиқ 53 та олий таълим муассасаларининг 400 та ўқув лабораторияларини замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан босқичма-босқич жиҳозлаш белгиланди ва бунга 17 млн. 600 минг АҚШ доллари сарфланиб, 112 та ўқув лабораториялари ташкил қилинди ҳамда жиҳозланди.

Бундан ташқари, 2019-2022 йилларда 11 млн. АҚШ доллари қийматида 7 та олий таълим муассасалариаро илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил қилинди.

Шунингдек, Фанлар академиясининг Математика, Иммунология ва инсон геномикаси, Ўсимлик моддалари кимёси, Астрономия каби илмий ташкилотларининг нафақат моддий-техник базаси мустаҳкамланди, балки, бугунги кунда дунёдаги энг замонавий илм масканлари билан тенглаша оладиган муассасага айланди.

Муаллиф охирги йилларда математика ва физика, кимё-биология фанларини ривожлантириш борасида қабул қилинган Президент Қарорлари билан таниш бўлганида, ушбу қарорларнинг матнидан илм-фан соҳасидаги мавжуд муаммолар Президентимиз ва Фанлар академияси томонидан очиқ, атрофлича муҳокама қилингани ва улар ўз ечимини топаётганидан хабардор бўлар эди.

Мақолада “Илмий-амалий фалокат ёки Сардобада олимлар нима иш қилишди?” мазмунида “ ... Фанлар академияси ходимларини тулки ва кўрсичқон инини излаб топишга юборишган. Бу воқеани мисли кўрилмаган бедодлик ва шармандалик деб ҳисоблаймиз. Бундайлар учун на олимнинг, на илм-фаннинг қадри бор”, деган фикрлар билдирилган.

Эътибор қаратайлик, албатта, юртимизда юз берган ҳар қандай табиий ёки техноген фожиага Фанлар академиясининг олимлари бефарқ бўлмаган. Шунинг учун, юзага келган ҳолатни атрофлича ўрганиш, унинг оқибатида етган талофотларни бартараф этиш ҳамда келгусида бўлиши мумкин бўлган шундай фожиаларнинг олдини олиш бўйича Фанлар академиясининг олимлари эксперт сифатида ўз фикрларини билдирган. Масалан, қуриб қолган Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва ёндош ҳудудларга Фанлар академиясининг бир гуруҳ олимлари уюштирган илмий-амалий сафарлар ва уларнинг тавсияларини келтириш мумкин.

Муаллиф танқид қилган Сардоба сув омборида юз берган фалокатнинг сабабларини ўрганиш масаласига қатор олимлар, хусусан, зоологлар, иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги, материалшунослик, механика каби турли йўналишдаги мутахассислар ҳам жалб этилган. Демак, ёритилаётган масала ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган айрим манбалар асосида Фанлар академияси олимларининг фаолиятига ноҳолис ва юзаки баҳо бериш тўғри эмаслигини эслатиб ўтамиз.

“Фанлар академияси мени фикримча аллақачон қариялар уйига айланган”, деб ёзади муаллиф. Аслида, 2016 йил кесимида Фанлар академияси тизимидаги фан докторларининг ўртача ёши 67.2, фан номзодлари эса 58.1 ёшни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, мамлакатимизда илм-фанга кўрсатилаётган эътибор, моддий қўллаб-қувватлашлар натижасида ёшларнинг илмга кириб келиши ҳам кескин ортди. Фикримизни яна рақамлар билан асослаймиз, 2022 йил январь ҳолатига кўра, Фанлар академиясида фан докторларининг ўртача ёши 63.3, фан номзоди/фалсафа докторлари эса 50.1 ёшни, умумий ходимларнинг ўртача ёши эса 45.6 ни ташкил этмоқда. Сўнгги беш йил кесимида Давлат Раҳбари томонидан илм-фанга кўрсатилаётган эътибор, моддий рағбат сабаб стажёр-тадқиқотчилик, таянч-докторантурани ташкил этилганлиги, докторантурага квота 2 баробар ортгани бунинг яққол мисоли бўлади.

“Бирорта оламшумул янги кашфиёт йўқ!”, деб қўшимча қилади муаллиф. Бундай иддаодан олдин ҳеч бўлмаганда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бериб борилаётган илмий янгиликлар билан танишиб бориш керак. Масалан, 17 февраль куни kun.uz интернет сайтида эълон қилинган “Янги юлдуздан – Кофирқалъагача. Ўзбек олимларининг сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим 10 кашфиёт ва ихтиролари” (https://kun.uz/93837429) мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз ва қўшимча қилиш мумкинки, илмий ишларнинг натижалари ҳақидаги батафсил маълумотларни кичик бир мақолага сиғдириш қийин.

Аслида, профессор, илм соҳаси вакили сифатида Фанлар академиясида чоп этилаётган 20 дан ортиқ илмий журналлар, шунингдек, ФА олимларининг нуфузли халқаро илмий нашрларда эълон қилаётган илмий ишларидан хабардор бўлиши керак эди.

Шунингдек, Фанлар академиясининг расмий веб-сайти орқали ҳам тизимда олиб борилаётган илмий янгиликлар ва ислоҳотлар билан мунтазам танишиб бориш мумкин.

Фанлар академияси ўз тизимида етишиб чиққан олимлари билан чиндан фахрланади. Бу олимларни билган, таниган, ҳурмат қилган, ўзини зиёли санаган одам Фанлар академиясига, илм-фанга қараб тош отмайди. Қолаверса, Фанлар академияси оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги пиар билан эмас, узоқ йилларга мўлжалланган фундаментал фан билан шуғулланади. Фундаментал фанда эса, натижага эришиш учун маълум бир вақт талаб этилади.

Ҳозирги кунда ҳам Фанлар академиясида самарали фаолият олиб бораётган ва дунё миқёсида танилган олимлар талайгина. Уларни санаб ўтишга битта мақоланинг ҳажми камлик қилади. Далилларимиз асосли бўлиши учун атиги битта мисолни келтирамиз.

Академик Ш.Аюпов раҳбарлигида фаолият юритаётган Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти математика фанини ривожлантиришда математик тадқиқотларнинг жаҳон даражасида эътироф этилган марказлардан бирига айланганини таъкидлаш лозим. Институтда математика соҳасида илмий мактаблар шаклланди ва улар муваффақиятли ривожланмоқда. Қатор математиклар эса нуфузли Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) аъзолигига сайланган. Бонн, Кембриж, Париж, Сеул, Сантьяго де Компастела университетлари ва бошқа илмий марказларнинг олимлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда илмий ходимларнинг ўртача ёши 47 ёшни ташкил этмоқда. Институт учун энг замонавий бино қуриб берилди.

Булар “хамир учидан патир”, холос. Демак, Фанлар академиясини “ухлашда” ва “Янги Яҳё Ғуломовлар”нинг йўқлигида айблашдан олдин “уйқудан уйғониш”ни ва илмий соҳада эришилаётган ютуқлар билан, ҳеч бўлмаганда, кундалик берилаётган янгиликлар орқали танишиб чиқишини тавсия қиламиз.

Муаллифнинг бу мурожаатни ёзишдан асл мақсади бошқа экани, кейинги жумлалардан янада ойдинлашади: “Ахир бундай инсонлар сизлар ёмонлайдиган Совет Ўзбекистонида етишиб чиққан эдику”.

Фанлар академиясида ҳеч бир олим, муаллиф урғулаётгандек, “Совет Ўзбекистони”ни ёмонламаган, қоралаб мақолалар ёзмаган. Фақат шўро тузуми сиёсатини қоралаган, бунинг фарқига бориш керак.

Кейинги вақтларда, қўшни давлат ҳамда собиқ иттифоқ мамлакатларида бўлиб ўтаётган воқеалар оқимига назар ташлайдиган бўлсак, муаллиф бу каби саволларни бекорга ўртага ташламаётганини сезиш унчалик қийин эмас. Собиқ Иттифоқ давридаги ҳаётни улуғлаш, унга маҳлиё бўлиш ва яна қайтиб ана шу иттифоқ таркибига киришга ундашга чақирувчи бундай мурожаатлар олдин ҳам бўлган, бундан кейин янада авж олиши эҳтимолдан холи эмас.

Муаллиф мурожаатидаги “Нега шундай муқаддас юрт тақдирини бир ҳовуч лаганбардор, коррупционер ва ҳалқ олдида бир пуллик обрўси йўқ баъзи ҳоким ва вазирларга топшириб қўйдик”, каби жумлалар нафақат ўзбекона одоб-ахлоқ маданияти, балки мавжуд меъёрий қонунларга ҳам зид келади-ки, бу иддаони муаллиф ё аниқ фактлар асосида исботлаб бериши ёхуд қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.

Назаримизда, унинг бу каби мурожаатнома билан чиқишидан олдин, мамлакатимиздаги мавжуд қонунлар билан яхшилаб танишиб чиқишини, асоссиз туҳмат, жамоатчилик олдида беобрў қилиш учун жавобгарлик белгиланганини унутмаслик кераклигини, эслатиб қўйиш жоиз деб биламиз.

Эътиборли жиҳати, бирор муаммони кўтариб чиқиш, камчиликни кўрсатиш осон, лекин негадир профессор ўз чиқишларида муаммони кўтаргану, унга ечимни таклиф қилмаган. Илм-фан соҳасинининг вакили ўлароқ, фан ривожи учун ўзи бирор янгилик қилганми?, деган савол табиийки барчада уйғонади?!


Ўзбекистон Республикаси

Фанлар академияси Ахборот хизмати


Ўхшаш янгиликлар

  1. Хаёт 25 феврал 2022 12:26
    Шунча олимлар бирон бир янгилик яратганми халк учун инсонлар огирини енгил килиш учун четдан бошка давлатни бозор талабига жавоб бермаган махсулотни егиб качонгача миллий махсулот деб узимизни узимиз алдаб яшаймиз
  2. Азиз 25 феврал 2022 07:54
    Нега тўғри гапни гапирса доим ўша одамни ёмонлаб чиқишади?
    Имкони борлар четга суриш истагида юрибди, бекоргамасдир!
  3. Тугриси 25 феврал 2022 00:56
    Эски маддохлик.Чангитибсизларку хаммаёкни.Узларингди гапларинга узизлар хам ишонмайсизлар.Астраномияни куйиб туринг.Бошка бирорта янгилик курсата олмагансизлар.Кпсс ни мажлисидаги докладга ухшаб ёзибсизлар.
  4. Соя 24 феврал 2022 23:20
    Жар ёкасига келиб колган факат ИЛМ-ФАН эмас, балки куп сохалар.
Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Олим бўлиш осон... ижтимоий тармоқлардаги “Ўзбек илм-фани жар ёқасига яқинлашмоқда” номли мақолага Фанлар академиясининг РАСМИЙ МУНОСАБАТИ