Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
-Кўчат экаётган инсон ҳаётни севишига, фарзанду набираларини яхши кўришига ишонаман. Бундан ҳам муҳими кўчат қадаётган одам энг аввало, Ватанини севади. Унинг гўзал табиатини қадрлайди.
Президентимиз нима учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини эълон қилди? Бунинг бош сабаби у киши ҳаммадан ҳам кўпроқ Ватанини, халқини яхши кўради. Уларни саломат бўлишини истайди. Инсон соғлом бўлиши учун аввало, табиат соғлом, ҳаво мусаффо бўлиши керак. Бунинг учун етти ёшдан етмиш ёшгача ҳаммада экологик маданият шаклланиши, фарзандларимизга оила ва таълим даргоҳларида экологик тарбия берилиши шарт ва зарур.
Биз камида ярим аср давомида табиатни саводсизларча, ёвузларча, ўзимиз истаганча идора этдик. Унга тузалмас жароҳатлар етказдик. Табиатда учрайдиган жуда кўплаб ноёб, шифобахш гиёҳларни, дов-дарахтларни йўқолиб кетишига сабабчи бўлдик. Дарахт экишни эмас, дарахт кесишни одатга айлантирдик. Лекин табиат ҳам кўп куттирмасдан ўз ҳукмини ўқиди. Офат келтирадиган шамоллар, мислсиз исишлар, кетма-кет такрорланаётган қурғоқчиликлар, иқлим ўзгаришлари инсониятни ўйлашга, хатоларини такрорламасликка, она табиатни асрашга ундамоқда.
Қўшработ туманида биз боғ яратиш лойиҳамизни изчил давом эттирамиз. Президентимизнинг “Яшил макон” ғояси энг чекка туман ва қишлоқларгача етиб боришига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Нафақат Қўшработ балки Нуробод, Каттақўрғон ва бошқа туманларда ҳам Самарқанд давлат университети боғлари пайдо бўлади. Президентимиз илгари сурган лойиҳада университетимиз профессор-ўқитувчилари, талабалари фаол иштирок этади.
Бу иштирок аввало, аҳоли ўртасида экологик саводхонликни шакллантириш, табиатга дахлдорлик туйғусини уйғотиш кабиларни ўз ичига олади. СамДУ олимлари томонидан “Яшил макон” лойиҳаси юзасидан таклиф ва тавсияларни ўз ичига олган қўлланма тайёрлашга киришилди. Шунингдек, Самарқанд вилоятининг табиий-жуғрофий шароитидан келиб чиқиб, қаерда қандай кўчатлар ўтқазиш, уларнинг парвариши бўйича ҳам аниқ илмий хулосалар, таклифлар беришга, чоп этишга, тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз.
Қўшработ тумани Ўрозмат ва Қоратош қишлоқлари йўлининг икки тарафида “Яшил макон” умуммиллий дастур доирасида “Самарқанд давлат университети боғи” яратилди. Айни пайтда узунлиги 1 километр, умумий майдони 4 гектарни ташкил этган ҳудудда амалий ишлар ниҳоясига етказилмоқда. Икки кун давомида университет боғига жами 1 500 туп ўрик кўчати экилди.
Тошпўлот Ражабов, СамДУ агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети декани, доцент:
- Қўшработ туманининг тоғлари пойида Самарқанд давлат университети боғининг яратилиши нафақат экологик муаммоларни, балки мазкур ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳам ҳал қилишга ёрдам беради. Бир километр масофага экилаётган мевали боғимизда синовдан ўтган, “Юбилей Навоий” ўрик нави экилмоқда. Қўшработ тумани тупроғи, иқлими экстремал шароитлардан ҳисобланиб, қурғоқчилик кучли бўлади. Кўчат экилгандан сўнг, кўкартириб олиш катта муаммо.
Унинг ечимини топиш мақсадида дунё тажрибасидан ўтган Германия, Ҳиндистон, Франция, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган гидрогеллардан фойдаланяпмиз. Гидрогелнинг асосий вазифаси сувни ўзида сақлаб, қурғоқчилик пайтида кўчатларга секинлик билан намликни таъминлашдир. Бу жараёнларга асосан, докторант ва магистрантларимизни жалб қилганмиз. Улар бўлажак мутахассис сифатида ўзларининг амалий тажрибаларини оширмоқда. Шу билан биргаликда кўчат экиш методикасини чуқур ўрганишяпти. Бу боғимиз Қўшработда илк маротаба янги, илмий-иннавоцион ёндашув асосида барпо этилмоқда.
Ҳиммат Оқбўтаев, Қўшработ тумани ҳокими:
- Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси доирасида Самарқанд давлат университети ташаббусини барчага ибрат қилиб кўрсатмоқчиман. Университет жамоаси Қўшработда боғ барпо этаркан, деб эшитганимда тўғриси ишонмадим. Чунки Қўшработга ўзи унча-мунча келмайди. Бу ерни шароитига чидашни ўзи бўлмайди. СамДУ ректори Рустам Холмуродов атайлаб келиб, боғ учун ер ажратиб беришимизни сўради. Шундан кейин мақсад жиддий эканини билдим. Ҳозирги боғ экилаётган ҳудуд Самарқанд шаҳридан деярли 150 километр узоқликда жойлашган. Қолаверса, сув ва суғориш жуда қийин муаммо. Шунга қарамасдан Самарқанд давлат университети олимлари жуда катта савобли ишга қўл уришди. Биз бундан жуда хурсандмиз. Домлаларимизни қўллаб-қувватлаймиз. Бутун қўшработликлар номидан миннатдорлик билдирмоқчиман…
Болқибой Шукуров, Қўшработ тумани “Янгиобод” маҳалласи раиси:
- Бугун маҳалламиз учун қувончли кун. Самарқанд давлат университети олимлари томонидан маҳалламиздан ўтган асосий йўлнинг икки томонига 1 500 дан зиёд ўрик дарахти кўчатлари экилди. Улар бир вақтнинг ўзида тўрт-беш хил тажрибалар асосида кўчат ўтқазаётганлиги мени жуда қизиқтириб қўйди. Биз бугунгача одатий анъаналарга кўра боғдорчилик ишларини амалга оширар эдик. Биздаги иқлим шароити ҳеч кимга сир эмас, натижаси ҳам ўзига яраша бўларди. Эндиликда шу иқлим шароитида бизда катта боғ яратилиши кутилмоқда. Ўйлайманки, бу боғда фарзандларимиз, қишлоқдошларимиз, қолаверса, йўловчилар мевалардан баҳраманд бўлишади. Иссиқ кунларда эса яхшигина дам олиш маскани бўлади. Бундан ташқари Самарқанд давлат университети олимлари жаҳон тажрибаси асосида экаётган кўчат сирларини маҳаллий аҳоли билан баҳам кўраётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Бу бизнинг келгусидаги деҳқончилик ва боғдорчилик ишларини тўғри йўлга қўйишимизда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Абдусаттор Бобоёров, Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети декани, доцент:
- Мен нафақат Самарқанд давлат университети вакили, балки Қўшработ тумани фарзандиман. Бу ердаги муҳитни, шароитларни жуда яхши биламан. Туманимизда оддий бир ниҳолни кўкартиришнинг ўзи қийин масала. Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов раҳбарлигида бир қатор олимлар назария ва амалиётни бирлаштирган ҳолда боғ яратишга киришди. Келажакда бу боғ ажиб бир мевазорга, сайлгоҳга айланишига ишончим комил. Президентимиз ташаббусини энг узоқ қишлоқларгача етиб келиши қувонарли албатта. Қўшработ халқи жуда хурсанд бўлди...
Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА ёзиб олди.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.