Самарқанд вилояти Булунғур туманида айнан ушбу туман номи билан аталувчи сув омбори қурилиши бошланди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилмоқда.
Манбанинг хабар беришича Президентимиз шу йил 11 январда Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифида ушбу сув омборини қуриш таклифини билдирган.
Шунингдек, zarnews.uz'нинг ёзишича айни кунда бу ерда «Ўзмахсуссувқурилиш» давлат корхонаси, «Зарафшонмахсуссувқурилиш», «Боёвутдавсувмахсуспудрат», «Ёзёвонмахсуссувқурилиш» давлат унитар корхонаси каби ўнлаб сув қурилиши корхоналарининг 100 га яқин эксковатор ва бульдозерлари ер қазиш ва текислаш ишларини бошлаб юборган.
- Президентимиз шу йил 11 январда вилоятимизга амалга оширган ташрифида ушбу сув омборини қуриш таклифини билдирганди, - дейди «Самарқандсувқурилишинвест» давлат унитар корхонасининг бирлашган лойиҳалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жўрабек Бердимуродов. - Лойиҳавий ҳажми 100 миллион метр/кубни ташкил этадиган мазкур сув омбори учун сув олиш манбаини асосан қиш мавсумида Булунғур тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи каналлар ҳамда сел оқими оқибатида ҳосил бўладиган сувлар ташкил этади. Қурилиш ишлари 2021 йилда тугалланади. Сув омборининг ишга туширилиши билан Иштихон, Пайариқ ва Булунғур туманининг 35,8 минг гектар сувли ва лалми ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган деҳқон-фермерлари узлуксиз сув билан таъминланади.
“Булунғур” сув омборини қуриш учун 163.3 млрд. сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.