Бухоро вилоятидаги “Вардонзе қўрғони” археология ёдгорлиги ҳудудининг бир қисми фермерга ноқонуний бериб юборилгани маълум бўлди. Бу ҳақда коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар қилди.
Маълум бўлишича, объект тегишли ҳужжатларга кўра моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган бўлсада, ушбу ҳудудда “Тўймурод Холмурод ўғли” фермер хўжалиги раҳбари А.Қ. тегишли ҳужжатларсиз экин экиб юборган. Натижада объектнинг Рабод қисми маданий қатлами йўқотилиши, саксовул дарахтларининг нобуд бўлиши ва қадимги тарихий топилмаларнинг йўқотилишига сабаб бўлган.
Таъкидланишича, ушбу тарихий ҳудуднинг майдони туман ҳокимлигининг 2013 йилдаги қарорига кўра 124 гектар бўлган. Лекин 2015 йилда ҳокимлик қонунчиликка зид равишда, тегишли идораларнинг хулосаларисиз объект ҳудудини 76 гектар этиб белгилаган. Шу билан бирга, фермер у ерни яйлов учун олган бўлсада, уни экин майдонига айлантириб юборган.
Ўрганиш давомида археология ёдгорлигининг Рабод қисми ер майдонининг 1.800 квадрат метр қисмига шикаст етказилиши оқибатида давлат манфаатларига 26 млрд. 730 млн. сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 132-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.