Наманган вилоятида ЙПХ ходими машинадан тушишни истамаган ҳайдовчига электрошокер қўллади. Кун нашрининг русча версиясида ходимнинг ушбу хатти-ҳаракати қонунга зид экани таъкидланмоқда.
Маълум бўлишича, мазкур ҳолат акс этган видео тармоқларда тарқалган. Унда ЙПХ ходими машинани жарима майдончасига олиб бормоқчи бўлганини ва бунга ҳайдовчи қаршилик қилганини кўриш мумкин.
Ҳайдовчи ходимга ёнига ўтиришни ва машинани ўзи ҳайдаб боришини айтган. Лекин ЙПХ ходими бунга кўнмаган ва ҳайдовчига бир неча марта электрошокер қўллаган.
Наманган вилоят ЙҲХБ муносабатида ҳодиса шу йил 24 март соат 12:00да Наманган шаҳри И.Каримов ва Кокумбай кўчалари кесишмасида содир этилгани айтилган. Спарк ҳайдовчисининг ҳужжатлари жойида бўлган лекин унинг 2021 йилдан қолиб кетган жарималари бўлган ва шу сабабга кўра ходим машинани жарима майдончасига олиб бормоқчи бўлган. Муносабатда ходим ўрнатилган тартибда ҳайдовчини огоҳлантиргани ва шундан сўнг электрошокер қўлланилгани айтилган. Ушбу ҳолатдан кейин ҳайдовчи номаълум томонган кетган ва машина ўша айтилган манзилга олиб борилиб, маъмурий баённома рамийлаштириган.
Манбанинг ёзишича, бу ҳолат бўйича муносабат видеоси дастлаб расмий каналга жойланган ва номаълум сабабларга кўра кейинчалик ўчириб ташланган. Лекин бошқа каналларда сақланиб қолинган.
Кун нашрининг қўшимча қилишича, ходимнинг ҳаракати қонунга зид эканини ИИВдаги манбалар ҳам тасдиқлаган. Ходим фақатгина актив қаршилик кўрсатилган ҳолдагина электрошокер қўллаши мумкинлиги таъкидланган.