Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Адлия вазирлиги ҳамда қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъулларининг Наманган вилояти маҳаллаларидаги ўрганишлари давомида давлатимиз раҳбарининг маҳалла ва оила институтларини уйғун ривожлантириш, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, профилактика инспекторларининг ўзаро ҳамкорликда янада самарали ишлаши, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиши учун яқиндан ёрдам берилди.
Уч кун давомида Наманган вилоятида 1 минг 540 дан зиёд хонадон ва қарийб 1 минг 460 та объект ўрганилиб, аниқланган 478 та масаладан 416 тасига ечим топилди.
Масалаларга аввало маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб ечим топиш, шарт-шароит ва имкониятлар яратиш билан боғлиқ жиҳатлар, амалга ошириладиган ишлар, лойиҳалар-у режалар энг қуйи тизим вакиллари билан муҳокама қилинди ва муаммоларга ечим изланди.
Масалан, Янгиқўрғон туманида ўтказилган ўрганишларда Абдуфаттоҳ Барноев “Гулшан” маҳалласида 5 йилдан бери ишламаётган оилавий шифокорлик пунктини замонавий асосда қайта ишга тушириш, Мадина Мамажонова эса Янги Боғистон маҳалласида янги мактаб барпо қилиш билан боғлиқ масалаларга ечим сўради. Бу икки масала вилоят даражасида ҳал қилиб бериладиган бўлди. “Оқсув” маҳалласида яшовчи Салимахон Эрматованинг ҳам уй-жой билан боғлиқ муаммосига ўша ернинг ўзида ечим топилди.
Аслида аксарият муаммонинг илдизи – рўзғордаги етишмовчилик, даромад камлиги билан боғлиқ. Шу боис ҳам Халқ қабулхоналари ва секторлар раҳбарлари оилалар даромадларини ошириш, осуда, обод ва фаровон турмушнинг мустаҳкам пойдеворини яратишда маҳалла раислари бошчилигидаги янги тизим вакилларига ҳар томонлама кўмак бермоқда. Айни шу ҳамкорликнинг илк натижалари эса кўплаб маҳаллаларда бўй кўрсатиб қолди.
Айтайлик, Косонсойда паррандачилик – қўшимча даромад драйверига айланмоқда. Айни пайтда тумандаги 37 мингдан ортиқ хонадоннинг қарийб 16 мингтасида 150 мингдан зиёд товуқ боқилмоқда. Бу – тумандаги 43,2 фоиздан ортиқ хонадон вакиллари наинки қўшимча даромад манбаига, балки товуқ парваришлаш бўйича яхшигина малакага ҳам эга бўлмоқда, дегани. Яна бир мисол: “Қуқумбой” маҳалласида яшовчи 27 ёшли Оқилбек Холдоров акаси билан уйида 8 турдаги “Брамма” зотли 100 дан зиёд товуқларни боқиб, яхшигина фойдага кирган. Мўъжаз инкубаторида жўжалар очириб, кўпайтирмоқда. Оқилбекнинг айтишича, бир дона “Брамма” тухумини экспортёрлар 6 доллардан сотиб олиб, МДҲ давлатлари, Руминия ва Францияга экспорт қилмоқда. Масъулларнинг ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси билан ўрганишларидан сўнг бу ака-ука фаолиятини ривожлантириш, биринчи қўл экспортчига айлантириш, шу асосда бошқа кам даромадли оилаларни ҳам кооперация асосида уларга бириктириш режа қилинди. Бунинг учун Оқилбек Холдоровга дастлаб 33 миллион сўм кредит ажратиладиган бўлди.
Яна бир мисол – Учқўрғон тумани “Соҳил” маҳалласида яшовчи ёш тадбиркор Дилшодбек Отамирзаев “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида хонбалиқ етиштириш бўйича 9,2 млрд. сўмлик лойиҳани амалга оширмоқда. Кооперация усулидаги бу янги лойиҳага Учқўрғоннинг беш маҳалласидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож элликка яқин оила вакиллари қамраб олинмоқда. Ҳозирда интенсив усулда балиқ етиштириш учун қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганишлар давомида бу кооперацияларни хонадонларга олиб кириш, шу асосда аҳоли даромадларини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Учқўрғонлик Шаҳноза Сайфиддинова ҳам кооперация асосида балиқ парваришлашни ният қилган экан, 2-сектор раҳбари ва маҳалла масъуллари унга бу борада ёрдам беришга киришди. Умуман, ўрганишлар давомида вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 77 нафар кишига 1 млрд. 213 млн. сўм кредит ажратилди, 634 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 200 нафар киши касбга ўқитишга юборилди.
Ўрганишлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан ҳам хабар олинди, олис-чекка ва чегарадош қишлоқлардаги қарийб 81 минг нафар киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, 70 нафар беморга даволаниш учун йўлланма, 10 минг 860 нафардан зиёд инсонларга бепул дори-дармонлар берилди, ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Ички ишлар вазирлиги масъуллари Косонсой туманидаги кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти билан ҳам танишиб, қалб кўзлари равшан йигит-қизлар билан суҳбатлашди. Мактабнинг 243 нафар ўқувчисига мактаб кийимлари, спорт анжомлари ва бошқа совғалар топширилди. Дастурхон ёзилиб, концерт ва хайрия тадбири ташкил этилди.
Бундан ташқари, Республика идоралараро ишчи гуруҳининг Наманган вилоятидаги фаолияти якуни бўйича Халқ қабулхоналари, секторлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва профилактика инспекторлари ҳамкорлигини мустаҳамлаш бўйича ўқув-семинарлар ташкил қилинди.
Ўрганишлар натижалари танқидий таҳлил қилинган йиғилишда “Инсон қадри учун!” ғоясини амалга ошириш, ислоҳотлар натижалари ҳар бир оилада, ҳар бир инсон ҳаётида сезилиши учун “маҳаллабай” ишлашнинг янги тизимини самарали амалга оширишдаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш бўйича секторлар кесимида аниқ вазифалар, муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. Вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи нисбатан оғир бўлган 54 та маҳаллани ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий муҳитни янада яхшилаш бўйича ҳар бир маҳалланинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.