Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоятнинг Иштихон туманида узумчиликни ривожлантириш, кам ҳосилли, лалмикор ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ҳудуд иқлимига мос, серҳосил узумзорлар барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Вилоят марказидан қарийб 100 километр узоқликда жойлашган, иқлими узумчиликка мос, аҳолиси узум етиштириш орқали экспортбоп майиз тайёрлаш тажрибасига эга бўлган мазкур тумандаги Бешбола қишлоғида “Жомбой кўчатчилик” МЧЖнинг Самарқанд филиали томонидан 100 гектар лалми майдонда узумзор барпо этилмоқда. Ҳозирги кунда гектарига минг тупдан узум кўчатлари экилмоқда.
“Жомбой кўчатчилик” МЧЖ Самарқанд филиали агрономи Нурсултон Эшмуродовнинг таъкидлашича, мазкур боғда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинади. Бу борада замонавий, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, кўчатларни тўлиқ ундириб олиш ва қисқа муддатда ҳосилга киришини таъминлаш борасида тегишли тадбирлар олиб борилмоқда.
А.Хаитов олиб борилаётган ишларни кўздан кечирар экан, ердан самарали фойдаланиш, экинларни парваришлаш, артезиан қудуқларини тезроқ ишга тушириш, томчилатиб суғориш теҳнологияларини олиш ва ўрнатиш, шу билан биргаликда, кўчатлар орасига бошқа экин турларини экиш орқали қўшимча даромад олиш имкониятлари юзасидан мутахассисларга ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали соҳибкорлар серҳосил, экспортбоп майизлари билан нафақат ички бозор, балки ташқи бозорни ҳам Ўзбекистон бренди остидаги маҳсулотлар билан таъминлаш имконияти яратилади.