Томорқачиликни даромад манбаига айлантириш, бирорта хонадон ҳовлисни ҳам қаровсиз қолдирмаслик, аввало ўз оиласини, қолаверса бозорни тўкин-сочин қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар Чироқчи туманида ҳам бардавом. Тумандаги “Паканди” маҳалласи азалдан кўчатчилик билан машғул бўлиб, Чироқчи ва бошқа туман бозорларига помидор, бўлғор қалампири, карам, бақлажон, қулупной кўчатлари етказиб беради.
Аммо бугунги кунда томорқалардан янада унумли фойдаланиш, илгариги кўп жойни эгаллаб ётадиган дарахтлардан воз кечиб, пакана ва ярим пакана интенсив мевали дарахт кўчатларини экмасдан, картошка уруғчилигини ривожлантирмасдан, бир маҳалла бир маҳсулот тамойилини жорий этмасдан туриб, муваффақиятга эришиб бўлмайди. “Паканди” МФЙда мазкур долзарб вазифаларни амалга ошириш, деҳқону соҳибкорларга, томорқачиларга тавсиялар бериш мақсадида Спикер ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзолари ташриф буюришди.
Бу ерда ўтказилган амалий семинарда маҳалла раислари, туман ҳокими ёрдамчилари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, томорқачилар, банк ходимлари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этишди ва уларга боғ яратиш, иссиқхона барпо этиш, чорва ва парранда боқиш ҳамда балиқчиликни ривожлантириш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг жамғармаси томонидан ажратилган 7 фоизли кредитлардан фойдаланиш тартиб қоидалари тушунтирилди.
-Маҳаллада томорқасидан унумли фойдаланаётган фуқаролар жуда кўп экан,- деди А. Хаитов. –Аммо томорқачилар бошини қовуштирадиган, уларни сифатли уруғлик, минерал ўғит, тайёр маҳсулот бозорини топиб берадиган ташкилот йўқлиги уларга салбий таъсир ўтказмоқда. Аҳоли вакиллари билан суҳбатда шу нарса аён бўлдики, маҳаллада деярли ҳар бир хонадон картошка етиштиради. Лекин картошга уруғларини улар ҳар жойдан харид қилишади. Картошка уруғини шу ернинг ўзида тайёрлаш ва аҳолини таъминлаш бўйича картошкачилик кооперациясини тузиш масаласини ҳал этдик. Наманганнинг Чўст туманидан келган боғбонлар, ўзлари олиб келган пайвандли интенсив ярим пакана кўчатларни томорқаларга экиб кўрсатишди.
Спикер ўринбосари А. Хаитов, Чироқчи тумани ҳокими Х. Жўраев ва бошқа мутасаддилар аҳоли томорқаларини кўздан кечиришди. Айниқса, Дилмурод Сатторовнинг яшнаб турган ҳовлиси уларда қизиқиш уйғотди. Томорқада йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Отахон кўчат етиштиришда ўзига хос тажрибага эга экан.
-Ошириб-тошириб гапиришни ёмон кўраман,- дейди Д. Сатторов. – Мана кўриб турибсиз, 20 сотих томорқамдан йил бўйи тер тўкиб ишласам, еган-ичганимиздан ташқари 50 млн сўм даромад топаман. Бозорга баҳор ойларида помидор, булғор қалампири, аччиқ қалампир, карам кўчатларини чиқараман. Бодринг, помидор, картошка, кўкатлар етиштириб, бозор тўкинлигини таъминлайман. Томорқамда бирор қарич бўш ер йўқ, ҳамма юмушларни рафиқам Насибахон Эргашева билан бирга бажарамиз.
Айнан Дилмурод бобонинг қўшниси Ҳасан Хидиров томорқаси қаровсиз қолдирилгани мутасаддилар диққатини тортди. Ерга анча вақтдан буён ишлов берилмаган, экин экилмаган. Турли чиқиндилар пала-партиш ташланган. Хонадон эгаси Ҳ. Хидировга маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси томонидан ҳайфсан берилди. Ерга ишлов бериш ва жўяк олиш ишлараи бошлаб юборилди.
Тумандаги “Қаҳрамон” МФЙ балиқчиликка ихтисослашган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Қаҳрамон қишлоғида табиий равишда ер остидан чучук сув отилиб чиқади. Бу сувда балиқ парваришлаш жуда қулай. Аммо одамлар балиқчиликни қишлоққа Абдурашид Аҳмедов олиб кирган дейишади.
-Балиқчиликни бошлаганимга 4 йил бўлди, - дейди А. Аҳмедов. -Интернетда Фарғонанинг Олтиариқ туманида балиқ етиштирувчи тадбиркорни кўриб унга ҳавасим келди. У Африка лаққасини боқар экан. 1 сотих жойдаги ҳовузда 10 минг дона балиқ чавағини ташлаб, 8 ойда 10 тонна балиқ етиштирибди. Шу тадбиркор уйига бориб. 3 ой ўргандим. Африка лаққаси 20 даража иссиқликдаги сувда ривожланар экан. Бизнинг маҳалада эса ер остидан 23 даражада иссиқ сув отилиб чиқади. Бу қулайликдан фойдаланиб, уйимда эни 10 метр, узунлиги 30 метр ҳовуз қуриб, 30 мингта балиқ чавағи ташлаб, 8 ойда 200 млн сўм даромад қилдим. Бугунги кунда банкдан 300 млн сўм кредит олиб, 5 та ҳовузда 150 мингта балиқ боқяпман. Ҳар ҳовуздан 200 млн сўмдан, ҳаммаси бўлиб, 1 млрд сўм даромад олишни мўлжаллаяпман. 8 нафар доимий, 15 нафар кунлик ишловчи кишилар бандлигини таъминлаганман. Қишлоғимизад 42 нафар балиқ етиштирувчи тадбиркорлар бор. Улар сафини янада кенгайтириш мақсадида Спикер ўринбосари А.Хаитов менга балиқчилик кооперацияси ташкил этиб, яна 50 нафар аҳолини балиқчиликка жалб қилиш таклифини берди. Бундан мен жуда хурсанд бўлдим. Насиб этса, кредитлар ҳал бўлса, қишлоғимизда балиқчилик кооперациясига асос соламиз.
Паканди ва Қаҳрамон маҳаллаларида картошкачилик ва балиқчилик кооперациялари очиш бўйича билдирилган таклифни юзлаб аҳоли вакиллари мамнуният билан қўллаб-қувватлашди. Албатта, бундай таклифлар халқни бирлаштириб, қўлни-қўлга бериб, меҳнат қилишга, юртни обод қилишга ундайди.
O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
матбуот хизмати