Тошкентдаги "Фарҳод деҳқон бозори" директори, унинг ўринбосари ва кассир ҳибсга олинди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, директор ва бошқалар тадбиркордан қонунга хилоф равишда пул ундириб келганликда гумонланган. Таъкидланишича, улардан жабр кўрганлардан бири ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган. Тезкор тадбирда “Халқ банки” Учтепа филиалининг “Фарҳод деҳқон бозори” АЖга хизмат кўрсатувчи кассири ўша пулни олаётганда ушланган. Шунингдек, кассир ёнида инкассация қилинмаган 9 млн 150 минг сўм пул борлиги ҳам аниқланган.
Тадбир давом эттирилиб, бозор директори ва унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ушланиб, машинаси текширилганда 24 млн 967 минг сўм пул маблағи борлиги аниқланган.
Уларнинг барчаси ҳибсга олинган. Жиноий иш қўзғатилган бўлиб, тергов олиб борилмоқда.