Тан олиш керак, «Борига барака» қисқа муддат ичида катта аудиторияга эга бўлди. Халқимиз бир неча усуллар билан тўловлар қилиб, ўйинда қатнашишни истамоқда. Кейинроқ унга тақлидан «Омад шоу» («Менинг юртим») чиқди. «Борига барака»да кнопка босишса, «Омад шоу»да барабан айлантирилади. Хуллас, таваккал.
Анонсларга қулоқ тутсак, яқин орада бошқа каналлардаям шундай шоулар чиқиши кутиляпти: «Миллионер шоу», «Бойвачча шоу» ва ҳоказо. Биз уларни ёмонламоқчи эмасмиз, ғайирлигимиз ҳам йўқ. Лекин баъзи фикрларни айтиб ўтсак.
Дунё тан олган ўйинларни олайлик. «Ким миллионер бўлишни истайди?» ўйини, масалан. Иштирокчилар билими эвазига пул ютишади. Ёки «Поле чудес»ни олинг, ундаям барабан айлантирилади, аммо савол-жавоби бор.
Биздаям бундай ўйинлар бор, йўқ эмас. Масалан, «Омадли такси» («Менинг юртим»), «Бинго» («Севимли») теледастурларида иштирокчиларга саволлар бериларкан, жавоб берса, пул ютуғи тақдим этилади. Мана, иложи бор экан-ку!
Халқни шунчаки мақсадсиз кнопка бостириб ёки барабан айлантириб, пул билан алдаш ислом динига ҳам тўғри келмаслигини бизгача айтиб бўлишган. Майли, қандини уришсин, бироқ шуни ақллироқ қилса бўлади-ку! Одамларнинг кўзини пул билан шамғалат қилиб, уларни зомбига айлантиришдан нима фойда бор?
Ў, фойдаси жуда катта бўляпти, фойдаси бўлмаганда аллақачон ёпилиб кетарди, дейсиз-да. Кимўзарга шоу қилиш авж оляпти, бу миллатни саводсизликка, боқимандаликка, осон пул топишга ва дангасаликка ўргатади. ОАВ (ТВ ҳам) бунга йўл қўймаслиги лозим.
Масалан, «Борига барака»да қатнашиш учун палон саволларга жавоб беришни йўлга қўйиш мумкин. «Тасвир» газетаси орқали саволлар берилади. Тўғри, реклама тўхташи мумкин, аммо халқ сал саводли бўлади.
«Омад шоу»га ҳам шу таклиф. Сокларнинг орқасини ишқалаб юришдан кўра жиддийроқ ва ақллироқ ишларга ҳам қодир халқимиз.
«Миллий ТВ»нинг «Миллионер шоу»си қандай бўлишини ҳозирча билмаймиз. Умидимиз шуки, униси сал ақллироқ юриш қилсин.
Телеканаллар бир ўйлаб кўришар...
[/b]
Манба: Xabar.uz
[b]