Юнусобод туманидаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ходимлардан бирига нисбатан салбий муносабатда бўлишди, дейилади Халқ таълими вазирлиги расмий хабарида.
Тармоқда 21-сонли Меҳрибонлик уйидаги болалар муассаса панжараси олдига йиғилиб, “Кет, кет, кет”, деб ҳайқирган видео тарқалди. Кейинчалик маълум бўлишича, болалар тунги сменани ўз зиммасига олиш учун соат 18:00 да ишга келган ушбу муассаса ҳамширасига қаршилик қилган. Болалар қўлларида плакатлар ушлаб, ходимни ҳудудга киритмадилар. Қатор оммавий ахборот воситаларида болалар ҳамширанинг уларга нисбатан қўпол муносабати туфайли қаршилик кўрсатиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.
Воқеа жойига зудлик билан Миллий гвардия ходимлари, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар ҳокими ва бошқа мансабдор шахслар етиб келган. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан уларнинг қилмиш сабабини аниқлаш мақсадида суҳбат ўтказилди.
Айни пайтда вазият назоратга олинган, суриштирув жараёни давом этмоқда. Ушбу ҳодиса тафсилотлари аниқланмаган.