Хоразмда имом-хатиб ижтимоий ҳимояга мухтож оиланинг мушкулини осон қилди.
Хоразм вилояти Гурлан тумани бош имоми, “Қора Алам Бобо” жоме масжиди имом-хатиби Маҳмуджон Ҳабибуллаев Гурлан тумани Фидокор маҳалласида яшовчи Қутлимуратовлар оиласига ўз ҳисобидан янги уй қуриб берди. Мазкур оила ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бири бўлиб, яшаб турган хонадони ночор ҳолатда, уйнинг шифти, поллари яроқсиз аҳволда эди. Унинг устига, газ, электр токидан катта миқдордаги қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган эди. Имом-хатиб эски уйнинг ёнидан алоҳида бинода 5 хоналик янги уй қуриб берган, коммунал тўловлардан ҳам қарзларини тўлаб берган. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими маълумотига таяниб хабар берди.
Ушбу масала юзасидан имом домла қуйидагича фикр билдирган: “Ҳа, ўтган йили қиш ойларида хонадоннинг оғир шароитини кўриб, Аллоҳ қодир қилса, шу оилага янги уй қуриб беришни ният қилган эдик, ёзга чиқиб, шу иш насиб бўлди ва тез фурсатда уй ҳам битди, деди.
Бундай савобли ишдан сўнг мушкули осон бўлган хонадон вакиллари имом-хатиб номига ташаккурнома ёзган.