Наманган вилоятининг иккита туманида банк ходимлари йирик миқдордаги кредитларни талон-тарож қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, Чортоқ туманида тижорат банк масъул ходимлари иккита фермер хўжалиги ва битта МЧЖ раҳбари билан тил бириктириб, 51 нафар фуқаро номига қуёнчилик ва чорвачилик йўналишида ажратилган 1,3 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилган.
Шунингдек, Мингбулоқ туманида банкнинг собиқ мансабдорлари МЧЖ раҳбари билан тил бириктириб, 8 нафар фуқарога тикувчилик йўналишида ажратилган 143,2 млн сўм имтиёзли кредит маблағини МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказишга эришиб, фуқароларга маҳсулотларни етказиб берилмасдан, талон-торож қилганликлари аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.