Ўзбек футболида ўзига хос ном қолдирган собиқ футболчи ва таниқли мураббий Игорь Шквирин ўзбек футболидаги муаммолар, ёшни сунъий кичрайтириш ва академияларда болаларга қилинаётган қўпол муомалалар ҳақида гапирди.
“Мураббийга жуда кўп нарса боғлиқ. Чунки болалар билан ишлаш бу умуман бошқа иш. Собиқ иттифоқ даврида болаларни 11 ёшдан футбол мактабларига олишарди. Фақат Пахтакор ва Чиғатойдагина болаларни етти ёшдан олишган. Улар бутун дунёда етакчилардан эди. Ўша вақтларда болалар мактабга борган йилдан бошлаб футбол ўйнашни исташарди. Бугун эса ота-оналар болаларининг футбол ўйнашларини исташади. Боланинг хоҳиши эса кўпинча иккинчи даражага тушиб қолади. Авваллари биз машғулотларга трамвай, велосипедларда борардик. Ҳозир эса болалар “Мерседес”ларда келишади. Кўпчилик ҳолатларда болалар ота-оналарининг истаклари билан академияларга келишади. Бунинг қанчалик фойда беришини эса вақт кўрсатади. Бундан ташқари, одамда муаммо бўлмаса, унга футболнинг ҳам кераги йўқ. Қашшоқ болакайлардан яхши футболчилар кўпроқ етишиб чиқади. Олдинлари мураббийлар мактабларда ўйин майдончаларида юриб иқтидорли болаларни кўздан кечиришарди. Шу орқали машғулотларга таклиф этиб, шуғуллантира бошларди. Ҳозирги пайтда қанча болалар юқори даражада ўйнай олишади, бироқ уларнинг ота-оналари академияларга олиб кела олишмайди. Кўринишидан бизнес иқтидорларни барбод қилмоқда. Аммо иқтидорлар ҳамон мавжуд-ку! Бундан бир қанча вақт муқаддам ота-оналардан бири фарзанди футбол академиясига боришни исташини, бироқ нархларнинг ўта қимматлиги сабаб бунга имко"ниятлари йўқлигини айтганди”, - дея таъкидлади И. Шквирин.
Шунингдек, мураббий нега 16 ёшгача бўлган болалар мусобақаларда муваффақиятли қатнашишини ҳам айтиб ўтди.
“Умуман олганда, биз ёшлар тоифасида яхши ўйин намойиш этамиз. Чунки 16 ёшлилар қатнашадиган мусобақада 3-4 ёш катта футболчилар қатнашишади. Улар катталар футболига ўтишгач эса нормативларга доим ҳам кўникиб кета олишмайди. Чунки бу ерда талаблар бошқача бўла бошлайди.
Биз ўз-ўзимизни арзон ғалабалар билан алдаяпмиз. 30 ёшни "уриб қўйган" футболчи 25 ёшман деб келади. Фарқи борми? Бор. Бу фақат бизда эмас. Деярли бутун Африка ёшни кичрайтиради. Европада эса бунга жиддий қарашади. Шунинг учун ҳам у ерда қон таҳлиллари олинади. Япония ва Жанубий Корея эса турнирларга 2-3 ёш кичик футболчилар билан келади. Улар бу орқали ёш футболчиларда курашувчанлик ҳиссини оширишади. Биз эса фақат ўзимизни алдаймиз”, – деди мураббий.