Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими олимдияда ўйинларига йўлланма олганлар билан учрашгани ҳақида ёзган эдик. Учрашув давомида Рустам Холматов спортчилар ва уларнинг мураббийларига совға берди.
Мавжуд маълумотларга кўра, спортчиларга автомобиль ва уй калитлари топширилди. Мураббийларга эса камтарона совға – ноутбук берилди.
Ҳокимнинг мураббийларга берган совғаси тармоқ фойдаланувчилари томонидан муҳокама қилинди. Аксарият фойдаланувчилар спортчилар мураббийлар сабаб олимпия ўйинларига йўлланма олганини айтган. Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда мураббийларни тақдирлаш билан боғлиқ муаммолар бор. Ҳар сафар олимпия ўйинларидан сўнг спортчилар автомобиль, пул ва уй олишади. Лекин, чемпионларнинг мураббийлари эса фақатгина медаль ва орденлар билан тақдирланади.