Аввалроқ ўзбекистонлик ҳакамлар келишилган ўйинларда қатнашгани учун жазолангани ҳақида ёзган эдик. “Трибуна” нашри ўша жазоланганлар қаторида 27 ёшли ҳакам Жасур Мухторов қайси ўйиндаги ҳакамлиги учун 5 йилга футболдан четлатилиб, 90 млн сўм жаримага тортилгани сабабини очиқлади.
Маълум бўлишича, ФИФА рефереси Жасур Мухторов 2019 йилда сўнгги турдаги «Бухоро» - ОКМК ўйинидаги шубҳали ҳаракати учун жазоланган. Ўша ўйинда баҳс 1:1 ҳисобида якунланаётган бўлган. Лекин ўйиннинг асосий вақти якунланиб, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда ҳакам шубҳали пенальти қўйиб берган. «Бухоро» жамоаси ўйинчиси жарима майдончасидан ташқарида йиқилган бўлсада ҳакам уни пенальти деб баҳолаган. Натижада «Бухоро» ундан унумли фойдаланиб, мавсум давомида тўплаган очколарини 24 тага етказиб, Суперлигада жон сақлаб қолган. Унинг ўрнига «Динамо» жамоаси қуйи лигага тушиб кетган.
Қизиқ томони, «Бухоро» жамоаси бу йил ҳам қуйи лигага тушиб кетиш арафасида ва сўнгги турда улар яна ОКМК’га қарши ўйнайди.