Фарғона вилоятининг янги ҳокими можароли вазиятлари билан танилган “Нефтчи”нинг муаммосини ҳал қилишга киришди. Бу ҳақда футбол нашрлари хабар қилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, ҳоким Хайрулло Бозоров бош мураббийликка Илҳом Мўминжоновни таклиф қилди. Янги мураббий ўз ишини 2021 йилда бошлайди.
Мўминжонов Бозоровга у Наманган вилоятида ҳоким бўлиб ишлаган вақтида яхши таниш бўлиб қолган. 2017 йилда Бозоров Мўминжоновни “Навбаҳор” клубига чақирган эди. “Навбаҳор” ўша йили миллий чемпионатда 5-ўринни қўлга киритган эди.
Мўминжонов ҳозирча 2019 йилдаги дисквалификация сабаб жамоани қабул қила олмайди. Ўшанда мутахассис келишилган ўйинда иштирок этгани учун 5 йилга футболдан четлатилиб, 50 млн сўм жаримага тортилган эди. Лекин 2020 йил январда футбол ассоциацияси этика қўмитасига ушбу ишни қайта кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилинган. Ўшанда қўмита дисквалификация муддатини қисқартириш ва мураббийга 2020 йилнинг оҳирига қадар футболдан четлатиш жазоси қўлланилган эди. Шундай қилиб, Мўминжонов умумий ҳисобда 1 йилу 9 ойга дисквалификация қилинган эди.
Ҳозирда Мўминжонов бир нечта футболчилар билан музокара олиб бормоқда. Уларнинг исми очиқланмаяпти. Мутахассис жанжал сабаб футболдан четлатилган футболчиларни янгисига алмаштирмоқчи. Эслатиб ўтамиз, “Нефтчи” “Турон” билан ўйиндаги мағлубият сабаб олий лигага чиқа олмаган эди. Ушбу ўйин якунлангач оммавий жанжал рўй берди ва натижада 5 футболчи дисквалификация қилинди.