Спорт қадимдан дунё давлатларини бирликка, тинчликка чорловчи муҳим омил саналади.
Зеро, у давлатни дунёга танитишда энг яхши восита бўлибгина қолмай, инсонни ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлишига хизмат қилади.
Шу маънода бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли орасида спортни янада оммалаштиришга қаратилган давлат сиёсати изчил тарзда ҳаётга жорий этилмоқда.
Хусусан, республикамизнинг қишлоқ ва маҳаллаларида истиқомат қилаётган ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларга ўз иқтидорларини намоён этишлари учун имконият яратиш мақсадида жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан юртимизнинг ҳар бир гўшасида мини-футбол бўйича мусобақалар ўтказилди.
Мусобақанинг дастлабки босқичларида 18-30 ёш оралиғидаги маҳалла ёшларидан таркиб топган 7779 та жамоа иштирок этди. Туман, шаҳар ҳамда вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг сара 14 та жамоа 12-15 июнь кунлари пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида ДХХ Раиси кубоги учун ўзаро куч синашди.
Турнирнинг финал босқичида Қашқадарё вилояти Қамаши тумани “Самарқанд” МФЙ жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри “Тараққиёт” МФЙ жамоаси иккинчи, Жиззах вилояти Зомин тумани “Ғафур Ғулом” МФЙ жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани “Оқ Манғит” МФЙ жамоаси эса ярим финалга қадар муваффақиятли ўйин намойиш этиб, кучли тўртликни якунлаб берди.
Эндиликда биринчи ўринни эгаллаган жамоага улар истиқомат қиладиган маҳаллада мини-футбол майдончаcи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи ўринларни қўлга киритган жамоаларга эса улар яшайдиган маҳаллада “Street Workout” майдончалари қуриб берилади.
Шунингдек, мусобақалар якунига кўра “Энг яхши ўйинчи” номинациясида Фарғона вилояти жамоаси аъзоси Фазлиддин Содиқов, “Энг яхши тўпурар” йўналишида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилган Фаррух Бектемиров,
“Энг яхши дарвозабон” деб Бухоро вилояти жамоаси вакили Сирож Салимов ҳамда “Энг яхши мураббий” номинациясида Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси устози Серик Жалгасов муносиб кўрилди.
Бундан ташқари, ДХХ Раиси кубогининг республика босқичида иштирок этган 14 та жамоанинг ҳар бир аъзосига спорт велосипедлари, уларнинг мураббийларига эса қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тақдирлаш маросими эстрадамизнинг таниқли хонандалари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.
Мини-футбол бўйича ДХХ Раиси кубогининг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросимига бағишланган махсус кўрсатув ҳамда концерт дастури жорий йилнинг 20 июнь куни соат 20:30 да “ZO‘R” ТV телеканалида намойиш этилади.
Таъкидлаш лозимки, “миллионлар ўйини” номини олган ушбу спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш ишларига ҳисса қўшиш, жойларда янги-янги иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни футболга фаол жалб этиш мақсадида
ДХХ Раиси кубоги мусобақалари келгуси йили нафақат мини-футбол, балки, катта футбол бўйича ҳам ўтказилади.