Оғир атлетикачи Акбар Жўраев Ўзбекистонга иккинчи олтин медални олиб келди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, Жўраев даст кўтариш ва силтаб кўтариш натижасига кўра Олимпиада рекордини ўрнатган. У -109 кг вазн тоифасида даст кўтариш баҳсларида 193 кг, силтаб кўтаришда 237 кг, умумий ҳисобда эса 430 кг тошни ўзига бўйсундирди!
Ушбу натижа орқали Акбар умумий ҳисобда Олимпиада рекордини янгилади. Бу Ўзбекистон терма жамоаси учун Токиодаги Олимпия ўйинларидаги иккинчи олтин бўлди. Бунгача таэквондочимиз Улуғбек Рашитов олтин, дзюдочи Давлат Бобонов бронза медалини қўлга киритганди. Ушбу муваффақиятдан сўнг Ўзбекистон медаллар жамғариш рейтингида 48-ўриндан 27-ўринга кўтарилди.