2018 йилда португалиялик мураббий Карлуш Кейрош Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мутахассис Эрон терма жамоасида муваффақиятли ишлагандан сўнг 2018 йилда эркин агент бўлиб қолди ва ўзига янги жамоа қидирди.
ОАВда музокаралар якунланиши ҳақида хабарлар тарқалганига қарамай, Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассис билан келиша олмади. Кейинроқ Кейрош кўп маош талаб қилгани айтилди. Қатор ОАВда мураббий йилига 4 млн доллар сўрагани айтилди.
Лекин, манбалардан бири Дарё нашрига мутахассис бошқа сабабга кўра ишлашдан бош тортганини маълум қилди. Манбанинг маълумотига кўра, Кейрош фақат футбол билан боғлиқ масалаларда музокара олиб борган. Мураббийга ўзбек футболи тизими ва ривожланиш дастури ёқмаган. Манба португалиялик мутахассис музокарада қуйидаги гапларни айтганини таъкидлади: “Наҳотки жаҳон чемпионатига чиқмоқчи бўлган жамоада машғулот учун майдон йўқ?”. Таъкидлаш жоиз, терма жамоа йиғинлар вақтида Тошкентнинг Пахтакор жамоаси майдонида машғулот ўтказиб, ўша ерда ўйинларни ташкил қилади.