Чоршанба куни Ироқда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Бош вазирликка Муҳаммад Шия ал-Суданий номзод қилиб кўрсатилганидан норози бўлган намойишчилар Бағдод марказидаги қўриқланадиган “яшил ҳудуд”да жойлашган парламент биносига бостириб киришди. Улар асосан Эронга яқин шиа сиёсатчиси саналган ал-Суданий номзодига қарши чиққан радикал Имом Муқтада ас-Садр тарафдорлари экани айтилмоқда.
Аввалроқ Ироқда Эрон таъсири кучайишига ҳам қарши бўлган айрим депутатлар ваколатлар олиб ташланишини эълон қилган эди. Кейинроқ ас-Садрнинг чақириғи билан намойишчилар парламент биносини тарк этишди. Аммо норозилик ҳаракати бошқа шаҳарлар - Ан-Нажаф, Басра ва Карбалони ҳам қамраб олди.
Ироқ ўтган йилнинг октябрь ойидан бери парламент янги ҳукумат раҳбари ва Ироқ президентини сайлай олмагани учун кескин сиёсий инқирозни бошидан кечирмоқда. Ҳукумат тузиш учун етарли бўлмаса-да, муддатидан олдин сайловлар натижасида ас-Садр тарафдорлари энг кўп мандатга эга бўлди. Бошқа кучлар ҳам коалиция борасида келиша олишмаяпти.
Ас-Садр парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин янги сайловлар ўтказишга чақирди.