Болқон ҳудудида кучли ёғингарчилик юз бериши натижасида, айниқса, Албания кўп зарар кўрди. Шкодер шаҳри кўчаларида сув сатҳи ярим метрга чиқди. Айрим туманлардан одамлар эвакуация қилинди.
“Albanian Post» портали хабарига кўра, қутқарувчилар бир кун аввал сув оқими олиб кетган автомобиль ичидан икки кишининг жасадини топишди. Магистрал йўллар, қишлоқ хўжалиги майдонлари сув остида қолган, бўронли шамол электр узатиш тармоғига зиён етказган.
Худди шундай ҳолат Косово ва Жанубий Сербияда ҳам юзага келди: дарёлар қирғоқдан тошиб, айрим йўллар сув остида қолди. Баъзи жойларда сув турар-жой биноларига яқин борган.
Черногорияда ҳар квадрат метрга 124 литргача ёмғир ёғди. Тезлиги 90 км/соатга етган шамол электр таъминотида муаммо келтириб чиқарди.
Бу вақтда Хорватияда қор ёғди. Айрим туманларда қор қалинлиги, тахминан, 40 смни ташкил этди.