Мутахассислар фикрича, келгусида бошқа патогенлар ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли катта.
CОVID-19 пандемияси инсоният учун сабоқ бўлди. Ҳозир коронавирус билан курашиш тажрибасига эгамиз. Аммо қурбонлар кўп бўлди ва ҳамон касаллик минглаб беморлар ўлимига сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар фикрича, келгусида бошқа патогенлар ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли катта. Атроф-муҳитдаги ўзгаришлар, экологик муаммолар ҳамда биологик қуролланиш авж олиши бунинг асосий омили сифатида баҳоланяпти.
Шу боис ЖССТ экспертлари “Х” хасталигига жиддий тайёргарлик кўриш тарафдори. Чунки номаълум эпидемиянинг исталган пайтда пайдо бўлиш хавфи мавжуд.
17 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон иқтисодий форумида ана шу масала ҳам муҳокамалар марказида бўлади. Унда ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус, AstraZeneca" фармацевтика компанияси директорлар кенгаши раиси Мишель Демаре, тиббий технологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Philips" компанияси бош директори Рой Якобс ва бошқалар иштирок этиши кутиляпти.
Тадбир сайтида қайд этилишича, “Х" касаллиги коронавирусдан 20 баробар хавфлироқ асоратларни келтириб чиқиши мумкин. Шу сабабли ЖССТ барча потенциал хавфли патогенлар учун вирусга қарши препаратларни олдиндан яратиш зарур, деган хулосада.
Клиник синовларга имкон қадар тезроқ киришилса, эпидемия пайтида тажрибаларнинг иккинчи босқичи учун ихтиёримизда дорилар мавжуд бўлади. Шу сабабли 2022 йил ноябрь ойида ЖССТ номаълум патогенни ўрганиш учун 300 га яқин экспертлар гуруҳини тадқиқотларга жалб қилган.