Тожикистон расмийлари 22 ноябрь куни илк марта Хўжанд №3/3 қамоқхонасидаги 8 ноябрь тунда содир бўлган тартибсизликларга изоҳ берди. Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сироджиддин Мухриддин Брюсселда “Евроиттифоқ-Марказий Осиё” давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашуви матбуот анжуманида Хўжанд №3/3 қамоқхонасидаги тартибсизлик бостирилгани ҳақида айтди. Бу ҳақда “Asia–plus” хабар қилмоқда.
“Тартибсизликлар вақтида 21 қўзғолончи зарарсизлантирилди”, – деди Сироджиддин Мухриддин. Ташқи ишлар вазири қўзғолонда асосан терроризм учун қамалганлар, шунингдек ИШИД террористик гуруҳи вакиллари иштирок этганини таъкидлади.
“Қамоқхона ходимлари ва қўриқчилари қўзғолончиларни муросага чақирди. Лекин махбуслар қаршилик қилишда давом этди, бир нечта одам қочишга ҳам уринди. Вафот этган махбусларнинг 12 таси ИШИД томонида туриб Сурия ва Ироқда жанг қилганлар, учтаси эса экстремистик гуруҳ аъзолари ва қолган олтитаси қотиллик, наркотрафик билан шуғулланиб қамалганлар эди”, – дея жавоб берди ташқи ишлар вазири.
Вазир қўзғолон вақтида 2 нафар қамоқхона ходими ҳалок бўлгани ва 5 нафар қоровул ҳозирда оғир тан жароҳати билан шифохонада ётганини тасдиқлади.
Сироджиддин Мухриддин Хўжанд қамоқхонасидаги қўзғолон иши билан ҳозирда Тожикистон Бош прокуратурасининг махсус гуруҳи шуғулланаётганини қўшимча қилди.