Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти Дусти тумани фуқароси, шоликор Ҳожи Муҳаммадисо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Тожикистон Қаҳрамони унвонини беришни таклиф этди.
70 ёшли Ҳожи Муҳаммадисо Ўзбекистон Президенти ушбу унвонга лойиқ эканини айтмоқда.
“Шавкат Мирзиёев президент бўлгандан сўнг давлатларимиз ўртасидаги муносабат кескин ўзгарди. Ўзбекистон раҳбарининг Тожикистон билан алоқаларни яхшилаш йўлидаги ҳаракати икки халқ томонидан қўллаб-қувватланди. У Имомали Раҳмон билан кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилди”, – деди у “Азия-Плюс” нашрига.
Ундан ташқари, Ҳожи Муҳаммадисо Ўзбекистоннинг ҳозирги вазиятда Тожикистонга кўрсатаётган ёрдамини ҳам эътиборга олиш кераклигини таъкидлади.
“Бугунги кунда Ўзбекистон Тожикистонга COVID-19 билан курашишда ёрдам бераётган етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Тошкент ҳозиргача Душанбега уч марта гуманитар ёрдам ва вирусолог-шифокор ҳамда мобил шифохона юборди”, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон раҳбари 2018 йилда Ўзбекистонга келганда «Эл юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган эди.