ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский Россияга мигрантлар оқимини чеклаш бўйича таклиф билдирди.
“Коронавирус сабаб кўплаб меҳнат муҳожирлари уйларига кетди. Энди уларнинг Россияга келишини чеклаш керак. Ҳозир бизда шундоқ ҳам ишсизлар сони кўпайиши мумкин. Иш ўринлари аввало россияликларга керак”, – деб ёзади Жириновский ўзининг телеграм каналида.
Сёсий партия раҳбари шунингдек, Ўрта Осиё мамлакатларига Россия қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ҳам ёзган.
“Ўрта Осиёга биз у ерда яхши етиштириладиган мева-сабзовотлар, резаворлар ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ буюртма бериш орқали ёрдам беришимиз мумкин. Улар уйларида ишласин, ортиғи билан ишлаб чиқаришсин, биз эса улардан сотиб оламиз. Балким олдиндан тўлов қилиб ҳам қўярмиз”, – дея таъкидлади Жириновский.