Ўзбекистоннинг Биринчи Президентининг қизи Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев Голливуддаги учта уйини сотувга қўйди. Ушбу уйлар 6 йил аввал сотиб олинган.
Уйларнинг қиймати бугунги кунда 6-6,5 млрд долларни ташкил қилади. 2014 йилнинг ёзида ушбу уйларнинг қиймати 16,1 млн долларни ташкил этган эди.
Dirt нашри ушбу уйларда Тиллаевлар оиласи ҳеч қачон яшамаганини маълум қилди. Сўнгги йилларда уйлар бир неча марта ижарага берилган. Улар ичида энг қиммати уч қават қилиб қурилган вилла экани айтилмоқда. Аввалроқ ушбу уй NFL юлдузи Реджи Буш ва унинг дўсти Ким Кардашьянга тегишли бўлган. Уйда лифт, кинотеатр, бассейн ва спа бор. Ушбу уйнинг қиймати 6,5 млн доллар. Уйлар орасида бироз арзонроғи Каримова-Тиллаеванинг марокко услубидаги иккинчи вилладир. Ушбу уйда ҳам бир неча ҳашаматлар мавжуд. У 6,4 млн долларга баҳоланмоқда. Уйлар орасида яна бири 6 млн долларга баҳоланмоқда. Унда орқа ҳовлида бассейн борлиги, шунингдек, бошқа ҳашаматлари ҳам мавжудлиги айтилмоқда. Ҳозирча уйлар нега сотувга қўйилгани маълум эмас. Таъкидлаш жоиз, Лола Каримова-Тиллаеванинг қимматбаҳо уйлари ҳақида ОАВда кам маълумот берилади. Кўпроқ унинг опаси Гулнора Каримованинг қимматбаҳо уйлари ва автомашиналари ҳақида хабарлар тарқалади.
Маълумот ўрнида, Лола 13 йил давомида Ўзбекистон гимнастика федерацияси раҳбари бўлиб ишлаган. У 2018 йил март ойида ушбу лавозимдан кетган. У шунингдек, 10 йил давомида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси бўлиб ҳам фаолият юритган. Лола икки йил аввал ушбу лавозимдан ҳам кетишга мажбур бўлган.