Қирғизистонликлар Парижга бориши, шенген виза олиши ва парвоз учун пул сарфлашига ҳожат йўқ. Республикада 25 йил муқаддам ўзининг Парижи пайдо бўлган. Кичик савдо пункти пойтахтдан 150 километр узоқликда Бишкек-Ўш трассасида қад ростлади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.
Қирғизистон “парижликлари“ мамлакатнинг совуқ қисмида – Суусамир водийсида истиқомат қилади.
Нима учун бу ер Париж деб аталади? Номни доимий мижозлар – узоқ масофага қатновчи юк машиналарининг ҳайдовчилари берган. Оддий, аммо самарали маркетинг Париж номининг қўйилишига сабаб бўлди.
“1993 йилдан бошлаб одамлар бу ерга келиб жойлаша бошлади. Ўша вақтда бир-иккита қаҳвахона бор эди. 1995 йилда одамлар ўтов ва чодирлар билан кела бошлади. Ҳайдовчилар дўконларни четлаб ўтмаслиги учун ҳамма ўз уйини гул ва чироқлар билан безай бошлади. Тунда порлаб тургани учун бизни узоқдан кўриш мумкин бўлди. Гўзал кўрингани боис ҳайдовчилар бу ерни Париж, дея атай бошлади“, – дея тушунтиради посёлкада яшовчи Сайраш Бейшебаева.
Гульшатнинг ҳам ўзига яраша мижозлари бор. Шу йиллар давомида кўплаб ҳайдовчилар бу ерга кириб чой ичиб кетади.
“Аввалбошданоқ бизни Париж сифатида тан олган. Кўпчилик Қирғизистонда шу номдаги қишлоқ борлигини билади. Ҳатто “Кто хочет стать миллионером?“ (“Ким миллионер бўлишни хоҳлайди?”) кўрсатувида: “Марказий Осиёдаги Париж қаерда жойлашган?“ деган савол берилган. Жавоб Суусамир эди, мен шахсан ўзим бу кўрсатувни кўрганман“, – дейди аёл.
Қишлоқдаги парижликлар бир неча бор ҳайдовчиларга ёрдам берган. Мана энди техника сотиб олди, техник хизмат кўрсатиш станцияси қурилди, авваллари ҳаммаси қўлда бажарилар эди. Ҳаво ҳарорати -40 даражада йўл четидан машиналарни олиб келишар, аккумуляторларга қувват беришарди, ғилдираклар алмаштириларди.
Харитада бу ер кўрсатилмаган. Ер турли томондан турли туманларга қарайди. Аҳоли ҳукуматга мурожаат қилиб ўзларини ажратиб қўйилмасликларини ва қишлоқни қонунийлаштиришларини сўрамоқда. Улар Париж Чуй вилоятида қишлоқ ёки посёлка сифатида расман тан олинишини исташмоқда.