Батуми шаҳар суди ўзбекистонлик аёлни 12 йилга озодликдан маҳрум қилди. У ўз ватандошини Грузияда фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган, дея хабар қилди Kun.uz.
Иш материалларида айтилишича, 2018 йилнинг январида аёл Ўзбекистонда бўлган юртдоши билан боғланиб, уни Грузияда ишлашга таклиф қилган. У рози бўлган ҳамда 2018 йил февраль ойида Грузияга келиб, Қора денгиз бўйидаги Батуми курорт шаҳрида ижара уйга жойлашган.
Кейинчалик уни Грузияга таклиф қилган аёл паспортини олиб қўйиб, шаҳарда эркин ҳаракатланишни тақиқлаган ва фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаб, пулларни ўзига олган. Аёлни Батуми ва Аджариянинг Хелвачаур туманидаги тунги клублар, меҳмонхоналар ҳамда ресторанларга тунги вақтда мажбурлаб олиб боришган.
Полиция жиноят иши очганида, гумонланувчи ғойиб бўлган. 2018 йил май ойида у қидирувга берилди, 14 кундан кейин эса Ахалкалаки (Самцхе-Жавахети минтақаси) шаҳрида қўлга олинди.