Назарбоев видеомурожаат йўллаб, ушбу ҳодисалар барча учун сабоқ бўлганини таъкидлади. У шунингдек, тартибсизликларни юзага келтирганлар топилиши кераклигини ва буни тергов аниқлаб беришини айтди. Назарбоев ўз мурожаатида бўлган воқеаларда ҳалок бўлганларнинг оиласига ҳамдардлик билдирган.
У ОАВда таралқаган хабарларга ҳам жавоб берган. Назарбоев 2019 йилда Президент ваколатларини Қосим-Жўмарт Тўқаевга ўтказганини ва ўшандан бери пенсиядалигини айтган. У шунингдек, ҳозирда пойтахтда эканини ва тартибсизликлар вақтида ҳам Қозоғистонда бўлганини таъкидлади.
Биринчи раҳбар Қосим-Жўмарт Тўқаевга Хавфсизлик Кенгашининг раиси лавозими топширилганини ва яқинда «Нур Отан» партияси раҳбарлиги ҳам унга берилишини маълум қилди.
Назарбоев шунингдек, элита билан боғлиқ миш-мишларга ҳам жавоб қайтарди.
Элитада ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршилик йўқ. Бу борадаги миш-мишлар мутлақо асоссиз, – дейди Назарбоев.