Тожикистон Роғун ГЭСи қуриб битказилиши учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Жаҳон банкидан ёрдам сўради.
Бу илтимос Тожикистон Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Нуралиевнинг Жаҳон банки катта иқтисодчиси Гоар Гюлуман ва халқаро молия институтининг Тожикистондаги ваколатхонаси бошлиғи Ян Питер Олтерс билан бўлиб ўтган учрашуви чоғида билдирилди. Миллий банк матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Гоар Гюлуман 1 апрелдан 10 апрелгача хизмат сафари билан Тожикистонда бўлди.
Учрашувда Нуралиев Роғун ГЭСи “минтақа давлатларини арзон электр энергия билан таъминлаш йўлида” муҳим минтақавий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. У Жаҳон банки вакилларига мурожаат қилиб, Роғун гидроузели қурилиши бўйича лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳисса қўшишга чақирди.
Тожикистон шу кунга қадар ўзининг маблағлари ҳисобига Роғун ГЭСини қуриб келарди. Молия вазирлиги хабарига кўра, бу мақсадлар йўлида 2019 йилда мамлакат бюджетидан 2 миллиард 100 миллион сомони (222 миллион АҚШ доллари) ажратилди. Ўтган йили гидроэлектр станция қурилиши учун 4,7 миллиард сомони сарфланган эди, шундан 3,4 миллиард сомони бюджет маблағлари ҳисобидан ва қолганлари эса 2018 йилда Тожикистонга ажратилган евробондлар ҳисобидан қопланди, дея хабар қилд ЎзА.
2017 йилнинг сентябрида Тожикистон АҚШдаги жаҳон бозорида 500 миллион долларга тенг давлат маблағларининг биринчи партиясини муваффақиятли сотган эди. Шу билан бирга облигацияларнинг фойда фоизи йилига 7,125 фоизни ташкил қилди. Мамлакат ичкарисида сотилган Роғун ГЭСи акцияларидан тушган маблағлар 980 миллион сомонини ташкил қилди. Бу маблағларнинг катта қисми ГЭС учун жиҳозлар сотиб олишга сарфланди. Акция ва евробондлар сотувидан тушган барча маблағлар, республика бюджетидан ажратилган пуллар билан қўшиб ҳисоблаганда умумий қиймати 24 миллиард сомони Роғун ГЭСи тўғони қурилиши ва жиҳозлар сотиб олишга сарф этилди.
Роғун ГЭСи 6 агрегатдан иборат бўлади ва ишга туширилганидан кейин бир йилда 17 миллиард кВт энергия ишлаб чиқаради. Ҳукуматнинг фикрича, бу нафақат Тожикистонни арзон электр энергия билан таъминлаш, балки қўшни Афғонистон ва Покистонга электр энергия экспорт қилишга имкон беради.