“Нанофотоника, метаматериаллар ва фотовольтаика”

“Нанофотоника, метаматериаллар ва фотовольтаика”
Самарқанд давлат университетида мазкур мавзуда халқаро конференция ўтказилди...

“Нанофотоника, метаматериаллар ва фотовольтаика”

Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти томонидан ташкил этилган нуфузли анжуманда Хитой, АҚШ, Англия, Корея, Германия, Швеция, Франция, Исландия, Испания, Россия каби давлатлардан 100 га яқин олимлар ҳамда республикамизнинг 30 дан ортиқ илмий тадқиқот ва таълим муассасаларидан 50 дан зиёд мутахассислар ва СамДУ илмий жамоатчилиги иштирок этди.

Конференцияни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов очди:


-Бугун мамлакатимизда физика, айниқса муҳандислик физикаси фанларини ривожлантириш устувор йўнлаишлардан бири сифатида қаралмоқда. Кейинги йилларда муҳандислик илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада турли мамлакатларда фаолият юритаётган ватандош олимларни юртимиз илм-фанини ривожлантиришга жалб қилиш, улар билан биргаликда халқаро илмий тақиқотлар олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида модернизацион тизимлаштириш ва такомиллаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтилган. Шунинг учун ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни барқарор давом эттириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини ошириш ва бунинг учун зарур шароитларни таъминлашга қодир бўлган илмий ва инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш олдимизда турган энг муҳим вазифалар бўлиб қолмоқда. Самарқанд давлат университетида бу каби инновацион тараққиётга асос бўла оладиган етарли илмий салоҳият мавжуд. Ҳозирги пайтда университет таркибида 12 илмий тадқиқот лабораториялари, 5 илмий тадқиқот маркази фаолият кўрсатади. 110 дан ортиқ фан докторлари ва профессорлар, 430 га яқин фан номзодлари ва доцентлар, умумий ҳисобда жами 900 га яқин профессор-ўқитувчилар талабаларга сабоқ бериш билан бир қаторда илмий тадқиқот билан шуғулланиб келмоқда. Биз Самарқанд давлат университетини Янги Ўзбекистон учун янгича университетга айлантириш сари интилмоқдамиз. Шу боисдан, таълим ва илмий тадқиқотларнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш мақсадида икки йил аввал Президентимиз томонидан Самарқанд давлат университети таркибида Муҳандислик физикаси институти ташкил этилди. Бугун ўтказилаётган “Нанофотоника, метаматериаллар ва фотовольтаика” халқаро конференцияси муҳандислик илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқиш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган тажрибаларни республикамиз миқёсида оммалаштириш мақсадига йўналтирилган. Конференцияда фотоника, материалшунослик хоссалари ва динамик тузилиш характеристикаларини аниқлаш, бу борада замонавий технологияларни қўллаш, метаматериаллар соҳасида ишлатиладиган энергия хоссаларини ўрганиш, зарур элементларни ишлаб чиқариш каби йўналишларда эришилган илмий ютуқлар, олинган илмий натижаларни саноат, халқ хўжалиги ва таълимга татбиқ этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда. Ўйлайманки, ушбу анжуманда илгари сурилган амалий таклифлар, қабул қилинган қарорлар физика фанини ривожлантиришга хизмат қилади ва мавжуд халқаро алоқаларимизни янада юксалтириб, Ўзбекистоннинг истиқболдаги ривожланиши учун муайян даражада асос бўладиган янги илмий янгиликларнинг кашф этилишига замин яратади.


Суклюн Ҳонг, Жанубий Кореянинг Седжонг университети физика ва астрономия кафедраси профессори, Графен тадқиқот институти ҳамда ГРИ-ТПC халқаро тадқиқот маркази директори, Корея физиклар жамияти президенти:


-Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, навқирон шаҳар – Самарқанд ва унинг энг қадимий ва йирик таълим маркази бўлган Самарқанд давлат университетида бўлиш мен учун шараф. Бугунги конференция Ғарб ва Шарқдаги нуфузли университет ва тадқиқот марказларининг машҳур олимларини бир нуқтада жамлаш, соҳага оид мавжуд муаммолар устида ўзаро фикр алмашиш имконини беради. Бугунги конференцияда “Аралаш ўлчовли 2Д/3Д гетероструктуралар” номли маъруза билан иштирок этдим. СамДУ менда жуда катта таассурот қолдирди. Келганимдан бери бир нечта илмий лабораториялар билан танишишга улгурдим. Университетда аниқ ва табиий фанларга бўлган эътибор, айниқса, кучли экан. Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар номидаги “Замонавий анализ усуллари” илмий тадқиқот лабораторияси ташкил этилганлиги бунинг ёрқин исботидир. СамДУ ядро физикаси лабораторияси фаолияти эса алоҳида тўхталиб ўтишга арзийди. У ерда юқори аниқликдаги илмий таҳлил ва тажрибаларни амалга ошириш учун барча шароитлар етарли, тадқиқотчиларнинг илмий салоҳияти ҳам шунга мос. Ўйлайманки, Самарқанд давлат универитети тез орада халқаро рейтингларда ўзининг юқори ва мустаҳкам ўрнига эга бўлади.


Анвар Зоҳидов, АҚШ нинг Далласдаги Техас университети қошидаги Нанотехнология институти директори ўринбосари, ИТМО университети гибрид нано фотоника ҳамда оптоелектроника лабораторияси мудири:


-Фотоника ва оптик алоқа, оптик толали компонентлар фундаментал тадқиқот йўналиши ҳар қайси мамлакат учун муҳим соҳа ҳисобланади. Бугун ҳаётимизнинг асосий қисмига айланган смартфонлардан тортиб ноутбуклар, интернет тўлқини, у орқали ахборотларни узатиш жараёни мазкур соҳа билан боғлиқ. Нурланиш, узатиш, модуляция, сигналларни қайта ишлаш, алмаштириш ва кучайтириш орқали фотонлар шаклида ёруғлик тўлқинини ҳосил қилиш ҳамда унинг хусусиятларини ўрганиш орқали интернет тезлигини ошириш, маълумотларни тез, сифатли ва ишончли узатиш, рақамли тиббиёт каби муҳим тармоқларда самарали натижаларга эришиш мумкин. Соҳага оид ўрганилаётган ҳар бир масалада халқаро миқёсда тадқиқот олиб бориш зарур. Мамлакатлар физиканинг энди ривожланаётган ушбу йўналишларидаги мавжуд имкониятларини бирлаштирса, муваффақиятга эришиши ҳам осон бўлади. Бу борада халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти менда жуда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистонда бугун шу каби институтларга эҳтиёж жуда катта деб ўйлайман. СамДУ Муҳандислик физикаси институти бу йўлда дастлабки қадам. Мана шундай институт ташкил қилгандан кейин физика фани ривожи ҳақида гапирса бўлади. Салобатли бино, барча замонавий жиҳозларга эга лабораторияларни кўриб, қойил қолдим. Ўзбекистонда бугун илм-фан инқилоби юз бермоқда дейишга барча асослар етарли...

Михаил Портнои, Англиянинг Эксетер университети профессори:


-Мирзо Улуғбек туғилиб ўсган, илм олган юрт, Самарқандда эканлигимдан жуда хурсандман. Ушбу халқаро анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас. Чунки Самарқанд давлат университети Марказий Осиёдаги энг қадимги ва йирик олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, унинг тарихий илдизлари Мирзо Улуғбек даврига бориб тақалади. Нанофотоника, метаматериаллар ва уларнинг хоссаларини ўрганиш бўйича муҳим ва долзарб масалаларни ечишга қаратилган бугунги конференция турли давлатлардан ташриф буюрган олимларни Самарқанд давлат университетида жамлаган. Физика йўналиши ҳар бир давлат учун мустаҳкам тараққиёт асосларини белгилайдиган тармоқ. Физиканинг муҳим йўналишларида ташкил этилган бугунги конференцияда иштирок этиш давомида ўзбек илмий жамоатчилиги томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар ва уларнинг моҳияти билан танишдим. СамДУ олимлари билан биргаликда ҳамкорликда тадқиқот олиб бориш масалалари бўйича келишувга эришдик.


Жузеппе Эрамо, Италиянинг Ўртаер денгизи фундаментал физика институти президенти, профессор:


– Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлигимиз 2011 йилдан бошлаб давом этмоқда. Мазкур халқаро конференция жуда катта имкониятларни беради. Нуфузли анжуманда иштирок этганимдан хурсандман ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман. Университетингизда ажойиб муҳит шаклланган. Бизнинг ҳамкорлигимиз шу сабабдан ҳам узоқ вақтдан бери давом этмоқда. СамДУ таркибида Муҳандисик физикаси институти очилганлиги нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро илм-фан ҳамжамиятида ҳамкорликни ривожлантириш учун кўприк вазифасини бажаради. Биз бу борада ҳамма вақт ҳамкорликка тайёрмиз...


Анжуманда нанофотоника ва плазмоника, ёруғликнинг қаттиқ жисмлар билан ўзаро таъсири, фотоника учун янги материаллар, квант криптографияси каби соҳаларда илмий тадқиқот олиб бораётган хорижий мамлакатлар олимларининг маърузалари тингланиб, соҳага оид тадқиқотлар ва йирик халқаро лойиҳаларга ўзбекистонлик олимларни ҳам янада кенг жалб этиш, турли мамлакатлар етакчи олимлари билан нанофотоника фанининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш бўйича фикрлар алмашилди.

Анжуман очилиш маросимидан сўнг конференция қаттиқ жисмлардаги ёруғлик-моддаларнинг ўзаро таъсири, электроника ва фотоника учун янги функционал материаллар, нанофотоника ва плазмоника, поларитоника, квант криптографияси, алоқа ва симуляциялар, углерод материаллари. THz спектроскопия ва технология, қуёш батареялари ва фотовольтаиклар, конденсацияланган ҳолат спектроскопияси ва ёруғликни йиғиш каби шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирди.


Беш кун давом этадиган халқаро конференцияда нанофотоника ва метаматериаллар бўйича 150 га яқин маъруза тингланиб, физиканинг бошқа бир нечта йўналишлари бўйича долзарб масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Ўзбекистон ва Тожикистон: Ўзаро ишонч, абадий дўстлик, иқтисодий ҳамкор мамлакатлар...

Ҳудуди 143 минг 100 квадрат километрга чўзилган, салкам 10 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Тожикистон Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва...
18-04-2024, 15:20

Самарқанд давлат университети тожикистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди…

Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Тожикистон ректорлари форуми иштирокчилари Самарқандга ташриф буюрди. Тожикистон Республикаси Таълим ва...
18-04-2024, 09:41

“Болаларимиз яхши яшаши учун ҳам бугун биз уларни ўқитишимиз даркор”…

Самарқанд давлат университети филология, тарих, математика, география ва экология, интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари...
8-04-2024, 09:46

“Жамиятга билимли болаларни берган ота-она шарафли инсонга айланади”…

Самарқанд давлат университетида Муҳандислик физикаси институти, филология, тарих, математика, география ва экология, интеллектуал тизимлар...
4-04-2024, 09:50

Табрик!

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори A.Ш. Бекмуродовга! Ҳурматли Адҳам Шарипович! Сизни...
31-03-2024, 23:41
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » “Нанофотоника, метаматериаллар ва фотовольтаика”