Ўзбекистон ва Тожикистон: Ўзаро ишонч, абадий дўстлик, иқтисодий ҳамкор мамлакатлар...

Ўзбекистон ва Тожикистон: Ўзаро ишонч, абадий дўстлик, иқтисодий ҳамкор мамлакатлар...
Ҳудуди 143 минг 100 квадрат километрга чўзилган, салкам 10 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Тожикистон Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва иттифоқчиси. Маъжозий маънода айтганда, ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғи. Динимиз бир, еримиз ва сувимиз бир. Қувонч ва қайғуда бирга, умумий тақдир бирлаштирган халқлар. Аждодларимизнинг бу борадаги эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон ва Тожикистон: Ўзаро ишонч, абадий дўстлик, иқтисодий ҳамкор мамлакатлар...

Ўзбекистон барча қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатган. Хусусан, “икки тилда сўзлашувчи бир халқ” сифатида тавсифланган ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, кўп асрлик ўзаро ҳурмат анъаналари бирлаштиради. Бу яқинлик Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги барча соҳалардаги муносабатлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатларимиз ўртасидаги мулоқот характери Президентлар ўртасида қарор топган ўзаро ишончга асосланади. Бу жиҳат мамлакатлар етакчиларининг норасмий муносабатларида, бир-бириларига “менинг азиз биродарим” дея муомалада бўлганларида ҳам намоён бўлади. Олий даражада ўрнатилган очиқ, самимий мулоқотлар ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор яратган.
Тожикистон Республикаси ҳам Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама, ўзаро манфаатли ва ижобий ҳамкорликни сифатли ривожлантириш ва чуқурлаштириш тарафдори бўлган ҳолда, ўзининг ташқи сиёсат концепциясида минтақани ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган. Хусусан, концепцияда Ўзбекистон Республикаси билан муносабатларда тенг, ўзаро манфаатли ва барқарор муносабатларнинг аҳамияти ва зарурлиги ҳал қилувчи омиллар эканлиги алоҳида таъкидланади, бу эса Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан дўстона ва яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдорлигини тасдиқлайди.



Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг яқин тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мустақиллик давридаги муносабатларнинг бошланғич нуқтасини республикалар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган сана, яъни 1992 йил 22 октябрь деб белгилаш мумкин. Ягона географик ва геосиёсий маконда жойлашиши, иқтисодий ва сиёсий манфаатларнинг, энг муҳими, миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги манфаатларнинг мавжудлиги давлатларни самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга ундади, бунинг учун маданий ва цивилизацион муштараклик ҳам имкон беради. Икки томонлама ўзбек-тожик муносабатларининг ривожланиш динамикасига назар ташлар эканмиз, алоқаларимизда юксалиш ва тушкунлик йиллари бўлганлигини таъкидлаш жоиз.


1992-2000 йилларни ўз ичига олган дастлабки даврни ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини шакллантириш босқичи сифатида тавсифлаш мумкин. Айниқса, 1993 йилда давлатлар ўртасида имзоланган Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома бугунги кунгача ҳамкорлик таянчларидан бири ҳисобланади. 1995 йилда Тошкентда Тожикистон Республикаси элчихонаси, 1998 йилда Душанбе шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси очилган. 1996 йил январь ойида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун ўзаро манфаатли шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида Эркин савдо тўғрисида Битим имзоланди. 1999 йилда бутун дунёда терроризмнинг авж олиши, ўша йилнинг 16 февралида Тошкентда содир этилган терорчилик актлари фонида фуқароларнинг ҳаёти, ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида “Терроризм, сиёсий, диний ва экстремизмнинг бошқа кўринишларига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида битим” имзоландики, бу ўз давлатлари фуқароларининг қонуний манфаатларини жиноий хуружлардан, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишидан ҳимоя қилишда муҳим омил бўлди.
Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари самараси ўлароқ, 2000 йилда халқаро тинчлик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳимлиги эътироф этилган ҳолда, мамлакатлар ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда иккинчи босқичнинг бошланиши сифатида эътироф этилади. Шартнома давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган эди. 2000 йилдан 2017 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган ҳамкорликнинг бу даврида ҳам ижобий ўзгаришлар сезилганини таъкидлаш лозим.
2002 йилда Савдо-иқтисодий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссия ташкил этилгани, унинг бугунги кунгача фаолият кўрсатаётгани муҳим воқелик саналади. Икки томонлама комиссиянинг раислари мамлакатлар бош вазирлари бўлганлиги туфайли алоқалардаги муаммоларни ечиш имкони юқори бўлиб қоляпти. Бироқ эришилган келишувларга қарамай, иккинчи босқичда ҳамкорликнинг улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмади. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги даври маҳсулдорлиги билан ажралиб туради. Айниқса, 2018 йил ўзбек-тожик муносабатларини яхши томонга тубдан ўзгартирган ҳодисалар юз берди. Бунга икки давлат раҳбарларининг 2018 йилдаги ўзаро ташрифлари сабаб бўлди.


Ташрифлар давомида эришилган келишувларнинг ҳамкорлик динамикасини янгилашдаги аҳамиятини эътиборга олиб, экспертлар бу ташрифларни тарихий аҳамиятга молик деб баҳолашди. Гап шундаки, 2018 йил 9-10-март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи чоғида деярли барча чегара масалалари ҳал этилди, ўзаро 17 ўтказиш пункти очилди, транспорт-коммуникация алоқалари тикланди, шу жумладан Ғалаба-Амузанг темир йўли участкаси иши йўлга қўйилди, хавфсизлик ва мудофаа, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашга оид масалалар ҳал этилди. Бундан ташқари, икки мамлакат халқлари ўртасида яқинлашув йўлидаги асосий ютуқлардан бири сифатида ушбу ташриф чоғида фуқароларнинг ўзаро саёҳатлари тўғрисидаги шартнома имзолангани бўлди, унга мувофиқ мамлакатлар ўртасида мавжуд бўлган виза режими бекор қилинди.


Таъкидлаш жоизки, мазкур келишув кейинчалик мамлакатлар аҳолиси ўртасида ўзаро туристик саёҳатларни кўпайтиришга туртки бўлди ва бу ўз навбатида туризм соҳасини ривожлантириш омили бўлиб хизмат қилмоқда. Йилнинг ушбу босқичидаги яна бир тарихий воқеаси Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи чоғида Тошкентда мамлакатлар ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзолангани бўлди. Мазкур Шартноманинг қабул қилиниши икки давлат раҳбарларининг суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш, чегаралар дахлсизлиги, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик, тинч-тотув яшаш ва ўзаро ишонч, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига асосланган барқарор ва узоқ муддатли муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган кучли сиёсий иродаси ва интилишларини акс эттирди.
Ўзаро муносабатларга стратегик шериклик мақомининг берилиши Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ишига хизмат қилади. Ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва уни стратегик даражага олиб чиқишдек давлатларнинг сиёсий ютуқлари шу билан чекланиб қолмади. 2022 йилда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида абадий дўстлик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Бугунги кунда эришилган аҳдномалар савдо-иқтисодий, сармоявий, саноат кооперацияси, маданий-гуманитар ҳамкорлик муносабатларни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш учун қулай ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларидаги муҳим ва устувор йўналишлардан бири хавфсизлик соҳаси, жумладан, терроризм ва экстремизм, уюшган трансчегаравий жиноятлар, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши каби замонавий таҳдид ва таҳликаларга қарши курашишдир. Бу йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 2018 йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳукумат даражасида хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган эди. Давлатларнинг хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ушбу битим қоидалари ва мақсадларини амалга ошириш бўйича ваколатли органлар этиб белгиланди, бу ўз навбатида идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйишга замин яратди. Шу нуқтаи назардан, ички ишлар вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга бўлиб, натижада трансчегаравий жиноятлар, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи тузилди. Шериклик мудофаа тузилмалари орқали ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, 2018 йилда “Ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида битим” имзоланиб, йиллик ҳарбий ҳамкорлик режаларини қабул қилиш амалиёти жорий этилди. 2018 йилдан бугунги кунга қадар мудофаа идоралари юқори мартабали ходимларининг ўзаро ташрифлари, қўмондонлик-штаб музокаралари, қўшма машғулотлар каби қўшма тадбирлар ўтказилди.
2022 йилда Термиз шаҳрида “Ҳамдўстлик-2022” ўзбек-тожик қўшма ўқув машғулотлари ўтказилган бўлиб, уларда яқин масофада жанглар олиб бориш, ярадорларни эвакуация қилиш ва эҳтимолий душман ҳужумини қайтариш техникаси ва усуллари қўлланилган. Шунингдек, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, унинг асосини 2018 йилда имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим ташкил этади. Унга кўра, ахборот алмашиш, мувофиқлаштирилган разведка, контрразведка ва бошқа тезкор фаолият ва операцияларни, шунингдек, ўзаро манфаатли бошқа бир қатор тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон ва Тожикистон Хавфсизлик кенгашлари ўртасида 2019 йил сентябрь ойида бошланган маслаҳатлашув механизми, парламентлараро алоқалар, шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар доирасида мулоқотлар олиб борилмоқда.
Тожикистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан яна бири савдо-иқтисодий соҳадир. 2018 йилда эришилган келишувлар ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий кўрсаткичларини сезиларли даражада ўзгартирди: агар 2017 йилда ташқи савдо айланмаси ҳажми 70 миллион доллардан ортиқроқ кўрсаткични ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу рақам сезиларли даражада ошиб, 300 миллион доллардан ошди. Кейинроқ савдо кўрсаткичларини 500 миллион долларга етказиш устувор мақсад қилиб қўйилди ва икки давлат саъй-ҳаракатлари билан бу вазифа муваффақиятли амалга оширилди, 2022 йилда товар айирбошлаш ҳажми 555,4 миллион долларга, 2023 йилда 757 миллион долларга етди. Айни пайтда уни 1 миллиард долларга етказиш мақсад ва вазифалари қўйилган.
Сўнгги тўрт йил давомида мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни таҳлил қиладиган бўлсак, товар айирбошлашнинг ҳар йили барқарор ўсиш динамикасини кузатиш мумкин. Муносабатлардаги яна бир фаол ривожланаётган ва истиқболли йўналиши сармоявий ҳамкорликдир. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг хусусий сармоялари эвазига Тожикистонда “Артель Авесто Электроникс” МЧЖ тожик-ўзбек қўшма корхонаси ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти маиший техника ишлаб чиқариш ва уни Тожикистон бозорида сотишдан иборат. Шу билан бирга, иқтисодий алоқаларни барқарор ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган сармоявий фаолиятни фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон-Тожикистон қўшма сармоя компанияси ташкил этилди.
Саноат кооперацияси ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан биридир. Ҳукуматлараро комиссиянинг 2024 йил 12 мартда ўтказилган сўнгги йиғилишида расмий Душанбе ҳамкорликнинг ушбу йўналиши бўйича Тожикистонда йирик саноат паркларини лойиҳалаш ва яратишда Ўзбекистон саноат корхоналари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлади. Келгусида корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, катта ҳажмдаги хомашё мавжудлиги шароитида қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этилиши ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Бугунги кунда маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва рақобатбардош экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш Тожикистон ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада Тожикистон жаҳон бозорларига чиқиш истиқболи билан маҳаллий хомашёни қайта ишлаш мақсадида халқаро стандартларга жавоб берадиган илғор техника ва технологияларни жалб этишдан, Ўзбекистон тадбиркорлари билан алоқани кучайтиришдан жуда манфаатдор. Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, уларни ташқи бозорга экспорт қилиш учун қўшма ишлаб чиқариш ва корхоналар ташкил этиш борасида улкан имкониятларимиз мавжуд.
Ишончли ҳамкор сифатида Тожикистон мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар сифатини янада ошириш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр. Бу нафақат икки давлат, балки бутун минтақа манфаатларига жавоб беради. Бундан ташқари, ҳар икки томон учун манфаатли бўлган бир қатор долзарб йўналишлар мавжуд. Хусусан, сув, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳар икки томон учун ҳам фойдали. Томонлар бу соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр.
Тожикистон ҳам Ўзбекистон каби халқаро денгизларга тўғридан-тўғри чиқиш йўлига эга эмас. Аммо мамлакат фойдали қазилмаларга бой. Тожикистон шимолида, Сўғд вилоятида кумуш конлари жойлашган. Уран, олтин, кўмир, алюминий, ярим металл рудаларга бой. Катта гидроэнергетика ва сайёҳлик салоҳиятига, йирик минерал ресурсларга эга. Алюминий, рангли металлар, пахта ва пилла, узум, сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмларини экспорт қилиш ҳисобига ўзини тиклаб олган.
2022 йилда 500 минг тоннадан пиёз етиштирган бўлса, унинг ярмидан кўпини экспорт қилди. Қурилиш материаллари саноати ривожланмоқда. Хорижда ишлаётган меҳат муҳожирлари юбораётган пул тушумлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 47 фоизини бераяпти. Бундан ташқари ҳар йили ўртача 400 минг тонна пахта толаси етиштиради. Катта миқдорда ишлаб чиқарадиган цементнинг муайян қисмини Ўзбекистонга экспорт қилади. Хориждан ўртача 1 миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюради.
Шунингдек, трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида ҳам давлатлараро мулоқот муваффақиятли олиб борилаяпти. Буни Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Зарафшон дарёсида иккита гидроэлектр станциясини биргаликда қуриш бўйича юқори даражада эълон қилинган режалари ҳам тасдиқлайди. Албатта, минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика ресурсларидан комплекс фойдаланиш Марказий Осиё фаровонлигининг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Тожикистон катта сув-энергетика салоҳиятига эга бўлишига қарамай, ҳеч қачон сувдан фойдаланиш ва сув таъминоти масалаларида муаммо яратмаган ва яратмоқчи ҳам эмас ва бу йўналишда ҳамкорлик қилишга доимо тайёрлигини билдирган. Дарёларимизда қурилган гидроэнергетика иншоотлари қайта тикланадиган электр энергияси ишлаб чиқаради ва минтақадаги сув таъминотига таъсир кўрсатмайди. Қолаверса, бу қурғоқчилик йилларида мамлакатларимизнинг қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш имконини беради. Шуни инобатга олган ҳолда, Тожикистон томони Ўзбекистон томонининг Тожикистон Республикаси ҳудудида гидротехника иншоотлари, жумладан, Роғун ГЭСи қурилиши соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликда ижобий тенденция кучаймоқда. Ўзбекистонда тожик миллатига мансуб 1,5 миллион фуқаро истиқомат қилади. Самарқанд, Термиз, Фарғона давлат университетларида тожик тилида машғулотлар олиб борилади. 245 мактабда ўқитиш тожик тилида юритилади, ушбу тилда 4 даврий нашр, 10 дан зиёд теле ва радиодастурлар тайёрланмоқда.
2018 йили Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг мамлакат пойтахтидаги “Ёшликнинг 50 йиллиги” истироҳат боғи номини “Низомиддин Алишер Навоий” деб қайта номлаш тўғрисидаги фармойиши қабул қилинди. Самарқанд шаҳрида икки халқнинг буюк вакиллари – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ёдгорлик ўрнатилган. Бугунги кунда Тожикистонда, Сўғд вилоятида Ўзбек маънавияти ва маърифати вилоят маркази ва Ўзбеклар жамияти фаолият кўрсатиб, 10 га яқин босма нашрлар чоп этилмоқда, битта хусусий телеканал эфирга узатилмоқда. Бундан ташқари, Сўғд вилоятининг Спитамен туманида Шукур Бурҳонов номидаги театр мавжуд бўлиб, республикада ўзбек тилидаги репертуарни ўз ичига олган ягона маскан ҳисобланади. Ўзбекистонда республика бўйлаб 10 дан ортиқ тожик маданият марказларини бирлаштирган Республика тожик миллий маданий маркази фаолият юритади.
2019 йилдан буён Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси тожиклар миллий маданий маркази ва Тожикистон Республикасидаги ўзбеклар миллий маданият маркази ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. Ўзаро кино кунлари, маданият кунлари, дўстлик кечалари ва бошқа қўшма тадбирларни ўтказиш икки томонлама ҳамкорлигимизни бойитиб боришда муҳим роль ўйнамоқда. Бундан ташқари, икки мамлакатда миллий диаспораларнинг мавжудлиги халқ дипломатиясини ривожлантиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади, бу эса, шубҳасиз, икки давлатнинг яқинлашувига катта ҳисса қўшади.
Биринчидан, давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликнинг мавжуд ўсиб бораётган динамикасини ҳисобга олган ҳолда, иккинчидан, эришилган ҳамкорлик даражаси, яъни стратегик шериклик, учинчидан, сўнгги олти йил ичида савдо-иқтисодий кўрсаткичларнинг барқарор ўсиб бораётгани, шунингдек, бу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликнинг янги нуқталарини фаоллаштириш бўйича икки томонлама изчил ишлар олиб борилаётгани дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни биргаликда ривожлантириш ва миллий манфаатларга эришиш гарови бўлишига шубҳа йўқ.


Ўртада эришилган муваффақиятларга қарамай, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳар доим барча даражаларда муҳокама қиладиган кўплаб масалалар мавжуд. Боз устига, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ҳар қандай учрашувларига айнан “тарихий воқеа” сифатида қараш керак. Зеро, 2017 йилгача, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан бошланган очиқлик ва ислоҳотлар сиёсатигача минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон самимий бўлмаган. Айтиш жоизки, 2022-2023 йилларда Марказий Осиёни ягона минтақа сифатида шакллантириш жараёни ўзининг юқори босқичига чиқди. С5+1 кўринишида барча йирик сиёсий марказлар билан мулоқотлар йўтказилди. Бу жараёнда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши алоҳида ўрин тутади – бу воқелик Марказий Осиё тараққиётининг калитидир. Чунки бешта давлат ҳам бир-бири учун муҳим. Бу ерда кичик ёки асосий рол йўқ. Минтақанинг барча бешта давлати ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликнинг асосий тамойилларига асосланган муносабатлар даврини бошдан кечиряпти. Биз биргаликда ажойиб имкониятларни қўлга киритишимиз мумкин.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи аввал эришилган келишувларни амалга оширишга, ташриф давомида имзоланадиган келишувлар ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янада юқори босқичга олиб чиқишга ҳисса қўшади, халқларимизни янада яқинлаштиради.



Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.

Ўхшаш янгиликлар

Мақола бўйича муносабатингизни билдиринг. Бизга Сизнинг фикрингиз жуда муҳим. Раҳмат!

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети ва Мисрнинг Танта университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди…

Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Zoom платформаси...
29-04-2024, 23:03

“Болаларимизнинг янада яхшироқ ўқиши учун биз университет билан ҳамкорлик қилишимиз лозим”…

Самарқанд давлат университети география ва экология факультети 1-2-3-курс талабалари ва уларнинг ота-оналари учун учрашув бўлиб ўтди....
25-04-2024, 23:09

Самарқанд давлат университетига Тамбов вилояти раҳбарияти ташриф буюрди…

Самарқанд давлат университетига Тамбов вилояти раҳбарининг ўринбосари Наталия Макаревич бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали...
25-04-2024, 23:06

«Физика-2024» III халқаро форум: Самарқанд давлат университетига жаҳоннинг энг зўр физиклари йиғилди…

Самарқанд давлат университетида «Физика-2024» III халқаро форуми ўз ишини бошлади. Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар...
24-04-2024, 23:19

Самарқанд давлат университетига Тамбов давлат университети ректори Павел Моисев бошчилигидаги делегация ташриф буюрди…

Делегация аъзолари дастлаб, СамДУ зоология ва археология музейларида бўлишди. Оранжерияга саёҳат қилди. Нобел мукофоти лауреати Азиз Санжар...
24-04-2024, 23:16
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Ўзбекистон ва Тожикистон: Ўзаро ишонч, абадий дўстлик, иқтисодий ҳамкор мамлакатлар...