Самарқанд вилоятида жойлашган бозордаги нарх-наволарга хорижликлар баҳо беришди. Бу ҳақда ЎзА мухбири хабар қилди.
Ширин ва арзон бозор экан. Бодомни 60 минг сўмдан олдим, бизда унинг нархи икки баробар қиммат. Олиб кетиш учун ҳақиқий ўзбек лимонидан харид қилдим, нархи ҳам арзон. 15 минг сўм экан. Бизда унинг икки донаси қадоқланган ҳолда ана шу нархда сотилади. Энг қизиғи, сизларда савдолашса бўлар экан.
Бу фикрлар Самарқандда ўтказилаётган биринчи халқаро туризм ярмаркаси иштирокчиси, Москвадан келган София Никулинага тегишли.
Айни вақтда тур оператор бўлиб ишлаётган Софияхон Ўзбекистонга биринчи келиши бўлса-да, ҳозирга қадар москвалик кўплаб сайёҳларни юборган экан. Бунда асосий йўналиш Самарқанд, Бухоро, Хива бўлган.
Самарқанддаги “Сиёб” бозорини айланиб нарх-навони ўрганган меҳмонлар яқинлари учун озиқ-овқат, турли эсдалик совғалари харид қилган.