Қилмаган ва ҳатто хабари бўлмаган жиноят учун 11 йил қамоқда ўтирган фуқаро оқланди. Бу ҳақда Дарё хабар қилди.
Маълум бўлишича, бухоролик Ихтиёр Эшмуродов 2009 йилда қилмаган иши учун 17 йилга қамалган. У ҳамқишлоғининг 7 минг доллар пулини қўлга киритиш мақсадида унинг яшаш уйи ётоқхонасига бостириб кириб, ҳамқишлоғи ва унинг 9 ёшли набирасига ҳужум қилганликда айбланган. Аниқланишича, Ихтиёр 11 йилик умрини умумий тартибли колонияларида ўтаган.
Ихтиёр Эшмуродов видеоконференц алоқа режимида ўтказилган судда жиноят ҳақида 2009 йилда фақатгина суриштирув жараёнида билганини айтган. Шунингдек, ҳамқишлоғининг уйида жиноят содир бўлган вақтда у 100 метр узоқликда яшовчи қўшнисининг уйидан DVD диск олганини, ҳодиса эса унинг уйидан 3 км узоқликдаги масофада бўлгани аниқланган. Ихтиёр ўша пайтда ИИБ ходимлари унга тазйиқ ўтказганини, агар айбни бўйнига олмаса унга гиёҳвандлик моддаси ташлаб бўлса ҳам қаматиб юбориш билан қўрқитганини айтди. Унинг бармоқ изларини қийнаб олишгани ҳам билдирилди.
Манбанинг хабар беришича, ўшанда жабрланувчининг ўзи ҳам уйига бостириб кирган одам Ихтиёр Эшмуродов бўлгани ёки у эмаслигини билмасдан, турли хил кўрсатма берган. ИИБ томонидан тузилган баённомада ҳатто гувоҳларнинг имзолари ҳам сохталаштирилгани айтилган.
Ушбу ҳолатларнинг барчаси ўрганиб чиқилгач, Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясига кўра Ихтиёр Эшмуродов ишини Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-ва 3-бандлари (Қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги ва содир этилган жиноятга дахли йўқлиги)га асосан тугатган. У айбсиз деб топилиб, оқланган ва жазони ўташ колониясидан озод этилган.
Шунингдек, Ихтиёрга Жиноят-процессуал кодексига кўра, жиноий таъқиб натижасида етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш ҳуқуқига эгалиги билдирилган.