Аввалроқ сайтимизда Тошкентда ёшлар ўртасида пичоқбозлик содир бўлгани ҳақида ёзган эдик. Кейинчалик ушбу можаро оқибатида бир йигит ҳалок бўлгани ҳам хабар қилинган эди. Ана шу пичоқбозлик юзага келишига нима сабаб бўлгани маълум қилинди.
"Дарё" нашрининг Бош прокуратура маълумотига таяниб хабар қилишича, пичоқбозликка иккита шерик, 27 ёшли Д.М. ва 32 ёшли Б.Р.нинг дорихонадан тушган даромади деб юзага келган келишмовчилик сабаб бўлган. Икки шерик келишмовчилик натижасида 5 июнь куни кўришиб олишни режалаштирган. 27 ёшли йигит уч нафар таниши билан пичоқ билан қуролланиб борган. 32 ёшли йигит эса тўрт нафар таниши билан борган ва улар орасида 23 ёшли М.Э. ҳам бўлган.
Тортишув вақтида Д.М. 23 ёшли йигитга пичоқ билан ҳужум қилиб, ҳаёти учун хавфли бўлган қисмига жароҳат етказган. Ўз навбатида М.Э. ҳам Д.М.га пичоқ тиқиб олишга улгурган. Лекин М.Э. олган тан жароҳати сабаб ўша куннинг ўзида, яъни 5 июнь санасида шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан ҳозирда ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилган. Қўшимча қилинишича, 27 ёшли йигит жароҳати сабаб шифхонада ётгани учун уни терговга жалб қилишнинг имконияти бўлмаган.