Кеча, 11 июнь санасида тармоқларда бир гуруҳ аёллар бошқа бир аёлни калтаклаган видео тарқалган эди. Ушбу видео тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейинчалик воқеа бўйича ИИВ вакили ҳам маълумот берган эди.
Хабар қилганимиздек, ҳодиса вилоятнинг Қўшкўприк туманида содир бўлган. Репост нашрининг маълум қилишича, ушбу воқеа шу йил 9 июнда содир бўлган. Видеода калтакланган шахс 20 ёшли қиз экани аниқланди. У қиз дўппослаётганларнинг бирининг ўғли билан 2016 йилдан буён яшаб юрган. Ҳатто уларнинг бир нафар фарзанди ҳам бор экани ойдинлашган. Аёллар қизни дўппослаётганда "ўғлим ва келинимнинг оиласини нега бузмоқчисан" деб бақирган. Видеога олаётган ва атрофдаги инсонларнинг воқеага аралашишига йўл қўймаётган эркак эса, қиз ва зўравонларни ушбу ҳодиса бўлган жойга олиб келган ҳайдовчи экани ҳам аниқланган.
Ҳуқуқ тартибот органларнинг тиббий экспертизасига кўра калтакланган қиз боши, елкаси, билаги, сони ва кўкрак қафасидан жароҳатланган. Шунингдек, видеода қизнинг сочлари ҳам кесиб ташланганини кўриш мумкин эди.
Эслатиб ўтамиз, ИИВ вакили ушбу ҳодисада иштирок этганларнинг барчаси қўлга олинганини, айбдорлар қонунга кўра жазоланишини билдирган эди.