Аввалроқ сайтимизда Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги мактаблардан бирида таҳсил олган 10-синф ўқувчиси вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ўлимга нима сабаб бўлгани ҳақида ЎзА сайти маълум қилди. Қуйида манба тарқатган ахборотни ҳавола этамиз.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги 17- умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Миржалол Зокиров ўқитувчиси томонидан уриб ўлдирилганлиги ҳақида турли хабарлар тарқалди. Хўш, мактаб ўқувчиси қандай вафот этган эди? Биз мазкур масалага ойдинлик киритдик.
Марҳумнинг отаси томонидан фарзандининг ўлимига ўқитувчиси сабабчи эканлиги ҳақидаги гаплари ўз тасдиғини топмаган.
Қўқон туманлараро суд тиббий экспертизаси бўлинмаси томонидан М. Зокировнинг мурдаси экспертизадан ўтказилган бўлиб, тегишли хулоса берилган. Хулосага кўра, унда тан жароҳатлари борлиги аниқланмади. Марҳум М. Зокировнинг мурдаси текширилганда, у ҳаётлик вақтида ўткир бронхопневмония-бронх ва ўпкаларни ўткир яллиғланиши касаллиги билан касаллангани аниқланди. Айнан мана шу касаллик бевосита вояга етмаган ўқувчининг ўлимига сабаб бўлган.
Туман прокуратураси томонидан мазкур мактаб ўқувчисининг ўлими юзасидан терговгача текширув ўтказилган. Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ҳам мазкур ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилган бўлиб, мактабда ўқитувчи томонидан марҳум ўқувчи М. Зокировга соғлигига жиддий таъсир қиладиган ҳолат содир этилмаган. 2018 йил 19 ноябрь душанба куни чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси М. Мардонов ўқувчиларни дарсга яхши тайёргарлик кўрмагани учун беш–олти нафар ўқувчига танбеҳ берган. Ўқувчиларни соғлигига жиддий таъсир қиладиган ҳолатда урмаган.
Марҳум ўқувчи М. Зокиров ўлими рўй берган 2018 йилнинг 26 ноябрь куни ҳам дарс машғулотларида қатнашган. Уйида тушлик қилаётган пайтда тоби қочган ва шифохонага олиб кетилаётган пайтда вафот этган.