Бекободда нафақага муҳтож бўлганларнинг пули асоссиз равишда ўзгаларга тўлаб берилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди.
Маълум бўлишича, Бекободдаги маҳаллаларнинг бирига раислик қилувчи шахс 26 нафар кишига 101,5 млн. сўм нафақа пуллари тайинлаган. Эътиборли жиҳати, ушбу пуллар нафақага эҳтиёжи бўлмаган ҳамда ўша маҳаллада яшамаган кишиларга ажратилган. Ажратилган пулларнинг эса 31,6 млн сўми фуқароларга асоссиз тўлаб берилган.
Ҳуқуқ тартибот органларнинг ўз вақтида аралашуви натижасида эса бюджет маблағларининг 69,9 млн сўми талон-торож қилинишининг олди олинган.
Ушбу ҳолат бўйича маҳалла раисига нисбатан ЖКнинг 167 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Сал аввал Бош вазир раислигида йиғилиш ўтаётгани, унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти танқидий муҳокама қилинаётгани хабар қилинган эди.