Аввалроқ сайтимизда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тунги клуб олдида пичоқбозлик содир бўлгани ҳақида ёзган эдик. Мазкур ҳодисада икки нафар фуқаро ҳалок бўлгани ҳам маълум қилинган эди.
Тошкент шаҳар ИИББ воқеа юзасидан қўшимча маълумотларни тақдим этди. Маълум бўлишича, 20 сентябрь куни соат 06:00 да Амир Темур кўчасидаги тунги клуб олдида 8 кишидан иборат гуруҳ бошқа бир 5 кишилик гуруҳ билан жанжаллашган. Ҳодисага 8 кишилик гуруҳ ичида бўлган икки нафар қизнинг гапи сабаб бўлган. Уларнинг ўз гуруҳидаги йигитга айтган гапи гўёки нариги 5 кишилик гуруҳдаги йигитга айтилгандек туюлган ва улардан бири пичоқ чиқариб тартибсиз равишда ҳаракат қилган. Натижада 4 нафар йигит жароҳат олиб, 18 ёшли Али Г. воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолган уч нафар йигит шифхонага ётқизилган ва у ерда 23 ёшли Данил С. ҳаётдан кўз юмган. Икки нафар 21 ёшли Азиз А. ва 28 ёшли Азизбек Т.лар эса айни вақтда шифхонада экани айтилмоқда.
Пичоқ билан ҳужум қилган 23 ёшли Санжарбек Х. ушланган ва унга гумондор сифатида ЖКнинг 97 моддаси 2 қисми (“Қасддан одам ўлдириш”) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Воқеанинг қолган иштирокчилари, хусусан, 18 ёшли Сардор К. ва 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х.ларга нисбатан эса ЖКнинг 277 моддаси 2 қисми (“Безорилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилган.