Жиззахда 15 ёшли йигит ЙТҲ содир этди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хабар қилди.
Маълум бўлишича, Пахтакор туманида яшовчи йигитга онаси “Нексия-3”нинг калитини бериб, унга машина бошқаришга рухсат берган. Шундан сўнг йигит ўзининг синфдош қизларини машинага олиб, уларни айлантириб келмоқчи бўлган. Бу орада эса ҳайдовчилик гувоҳномаси ва уқуви бўлмаган йигит йўл четидаги бетон тўсиққа урилиб, ЙТҲ содир этган. Бахтли тасодиф туфайли улардан ҳеч бири жароҳат олмаган.
Воқеа гувоҳларининг бирининг айтишича, йигит автомобилни юқори тезликда бошқарган ва бошқа ҳайдовчиларга ҳалақит берган. Унинг қўшимча қилишича, машинада йигитдан ташқари иккита қиз ва ёш бола ҳам бўлган. Ходимлар йигитнинг ота-онаси ва у ўқийдиган мактабда керакли суҳбатларни олиб борган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда 5-синф ўқувчиси мактабга автомашина бошқариб келгани ҳақида ёзган эдик.